Депутат Бекешев ҳомиладор аёлларни ва кексаларни қамоққа олишни тақиқлашни таклиф қилди

184

Парламентнинг депутати Дастан Бекешев Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишларни киритиш ташаббуси билан чиқди. Қонун лойиҳасида ҳомиладор аёлларни ва қарияларни ҳибсга олишни тақиқлашни жорий этиш назарда тутилади. Ҳужжат 13-январ куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Бекешев ўз қонун лойиҳаси билан 55 ёшдан ошган аёлларни, 60 ёшдан ошган эркакларни ва ҳомиладор аёлларни ҳибсга олишни тақиқлашни таклиф қилмоқда.

Шу билан бирга бу ўзгаришлар тергов органларидан ва суддан яширинишга ҳаракат қилган, шунингдек ўта оғир жиноятни амалга оширишда гумонланган фуқароларга нисбатан қўлланилмайди.

Ҳужжатнинг асосномасида қайд этилишича, ҳужжат кексалар ва ҳомиладор аёлларга нисбатан жиноят ишларини инсонпарварлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

«Кексалар ва ҳомиладор аёлларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, тергов изоляторларида сақлаш шароитларини ҳисобга олган ҳолда, қийноқ сифатида баҳоланиши мумкин. Қамоққа олиш шароитлари халқаро стандартларга жавоб бермаслиги ва юқоридаги шахслар у ерда бўлса, уларнинг соғлиғига жиддий зарар етказиши мумкин. Бундан ташқари, тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилиши ёки тергов органларидан ва суддан яширинишга уринган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши керак. Ҳолбуки, кексаларнинг ва ҳомиладор аёлларнинг тергов тадбирларини олиб боришга тўсқинлик қилишга ва тергов органларидан ҳамда суддан яширинишга имкониятлари объектив турда чекланган», — деб таъкидлади парламент аъзоси.

Қирғизистонда кекса фуқароларнинг ҳибсга олиниши ҳолатлари кам учрайди. Сўнгги ойларда Кампиробод иши бўйича ҳибсга олишлар шов-шувга сабаб бўлди. Бу иш бўйича ҳибсга олинганлар орасида парламентнинг собиқ депутати Асия Сасиқбаева (71 ёш) ва МСКнинг собиқ аъзоси Гулнара Жоробаева (63 ёш) ҳам бор. Уларнинг иккаласи ҳам 2022-йилнинг октябрь ойи охиридан бери ТИЗО-1да сақланмоқда.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси “Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш” моддаси билан айбланмоқда. Суд деярли барча ҳибсга олинганларни Бишкекдаги ТИЗО-1га жойлаштирган.

Ҳибсга олинганлар айбларини тан олмай, босимлар бўлаётгани ҳақида айтишмоқда, шунингдек, жиноий таъқиб уларнинг Кампирободдаги позицияси туфайли бошланганини даъво қиладилар. Бу иш бўйича деярли барча айбланувчилар норозилик белгиси сифатида тергов изоляторидан озод этилишини талаб қилиб, икки ҳафтадан ортиқ очлик эълон қилишган.

Фаоллар ва сиёсатчиларнинг ҳибсга олиниши бир қатор депутатлар томонидан аллақачон қораланган ва Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини барча маҳбусларни озод қилишга чақирган.