Марказий Осиёдан келган муҳожирлар Россия армиясига қўшилишга даъват этилмоқда

300

Москвадаги «Вихино» метро бекатида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларига «КХШТ доирасида Украинадаги фашистларга қарши туриш» ва «яхшилик тарафда туриб тарихга кириш» мақсадида Россия армияси сафига қўшилишга чақирувчи варақалар тарқатилди. Бу ҳақда Sota телеграм канали хабар берди.

Шу билан бирга, варақаларни тарқатганлар «атайлаб» муҳожирларни излаб, уларнинг қайси давлатнинг фуқаролари эканини сўрашаётгани хабар қилинган. Бундан ташқари, брошюралар Арманистон ва Беларус фуқароларига ҳам тарқатилган.

Варақаларда «махсус операция» асносида мигрантлар «бебаҳо ҳарбий тажриба» олиб, «Украинадаги “миллатчиларга” карши туриб», «яхшилик тарафда бўлиб тарихга кира олиши», шунингдек, «“Буюк Россиянинг” қайта тузилишига тўғридан-тўғри иштирок эта олишлари» ёзилган.

Сурат: Sota телеграм канали

Варақаларга кўра, Россия армиясига номзод 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган, ҳарбий хизматга яроқли, камида 9 синф маълумотига эга, шунингдек, рус тилини яхши биладиган «КХШТ давлатлари фуқароси» бўлиши мумкин.

Номзодлар «махсус операцияни қўллаб-қувватламайдиган», Украинадаги «нацистлар режими» ни қўллаб-қувватловчи ва Россия армиясини обрўсизлантирадиган контентни тарқатадиган ёки видео олувчи фуқаро бўла олмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва автобусларида Россия армиясига чақирув эълонлари қирғиз, ўзбек ва тожик тилларида жойлаштирилган эди. Улар армияга борганлари учу Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкинлигини айтишган.

Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўз фуқароларига хорижий давлат ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш жиноий жавобгарликка тортилишини бир неча бор эслатиб келган.

Украинадаги уруш

Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли бостириб кириши деярли ўнинчи ойдан бери давом этмоқда. Аслида умуман олганда, Россия 2014 йилдаёқ Украинага ҳужум қилиб, Қримни аннексия қилиб, баъзи ҳудудларни қисман эгаллаб олган.

БМТ маълумотларига кўра, 4 декабрь ҳолатига кўра, Украинадаги уруш туфайли 6702 тинч аҳоли ҳалок бўлган. Яна 10 мингга яқин одам жароҳат олган. Бироқ ташкилот қурбонлар сони анча кўп бўлиши мумкинлигини қайд этади. Бу ҳақда Украина расмийлари ҳам гапирмоқда.

Дунёнинг аксарият давлатлари Россия ва унинг президенти Владимир Путиннинг ҳаракатларини қоралайди. Қатор давлатлар, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия қўшинларининг Украинага бостириб киришига жавобан Россияга нисбатан мисли кўрилмаган иқтисодий санкциялар киритган. Бу Россияни жорий этилган санкциялар миқдори бўйича жаҳон етакчисига айлантирди. Бундан ташқари, мамлакатлар россиялик амалдорлар, олигархлар ва бизнесменларга қарши шахсий санкциялар қўллайди.

Россия бир неча бор Украинадаги фуқаролик объектларигазарбалар бериш, жумладан, ракеталар орқали ҳужум қилишда айблаган. Россия бу айбловларни рад этиб келади.

15 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияни қабул қилган, унга кўра Россия Украинадаги уруш учун молиявий жавобгарликка тортилиши мумкин. 93 давлат, жумладан АҚШ ва Европа Иттифоқининг барча давлатлари товон тўлаш учун овоз берган, 13 давлат (Россия, Хитой, Эрон ва Беларус) қарши овоз бериб, яна 74 давлат (Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон дохил) бетараф қолган.