Қирғизистон «Шимол-Жануб» автомагистралидаги тош қулашдан ҳимоя қилиш тизимлари учун Хитойдан 59 миллион доллар грант олмоқчи

279

Қирғизистон Хитойдан 59 миллион доллар грант олишни режалаштирмоқда.Бу ҳақда транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев 20 декабрь куни Жогорку Кенешнинг транспорт, алоқа, архитектура ва қурилиш қўмитаси йиғилишида билдирди.

Текебаевнинг айтишича, бу маблағ Шимол-Жануб йўлида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича бешта объект қуришга йўналтирилади. Унинг сўзларига кўра, бу зарур, чунки маршрут бўйлаб тош қулаши кузатилмоқда.

«Бешта объект: учта галерея ва иккита кўприк қурилиши кўзда тутилган. Умумий қиймати 59 миллион долларни ташкил этади, Хитой билан грант шартномасини тайёрлаяпмиз, улар келишиб олдилар», — деди бошқарма бошлиғи.

Маълум қилинишича, йўлда тош қулаши кузатилаётган бошқа кичик участкалар ҳам бор – у ерда хавфсизлик давлат бюджети ҳисобидан таъминланади.

Муқобил йўл ва кредитлар

«Шимол-Жануб» автомагистрали Қирғизистоннинг шимолий қисмини (Балиқчи шаҳри) жанубий қисми (Жалолобод шаҳри) билан боғлаши керак бўлган мураккаб тоғли ландшафтларда қурилаётган 433 километрлик автомобиль йўлидир. Уларни Фарғона тизмаси ажратиб туради.

Аввалроқ Қирғизистон Бишкекдан Ўшга олиб борувчи «Шимол-Жануб» муқобил йўли қурилиши учун кредит олган эди. 2013 йилда Жогорку Кенеш Хитой билан йўл қурилиши бўйича кредит шартномасини маъқуллаган эди. Қурилиш 2014 йилда бошланган.

Қурилишнинг умумий қиймати Қирғизистонга 850 миллион долларга тушади, мамлакат аллақачон 400 миллион долларга яқин кредит олган.

Айнан мана шу Шимол-Жануб автомагистрали Қирғизистон Хитойдан қарзини тўламаса Хитойга ўтиши мумкин.

2022 йил июнь ойида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров агар мамлакат Хитой олдидаги қарзини тўламаса, Қирғизистон учта стратегик объект устидан назоратни йўқотиши мумкинлигини айтган эди.

Унинг сўзларига кўра, гап Бишкек иссиқлик электр станцияси, «Шимол-Жануб» муқобил йўли ва «Датка-Кемин» электр тармоғи ҳақида кетмоқда.

Жапаровга кўра, 2023 йилдан 2028 йилгача Қирғизистон ташқи қарзи учун камида 400-460 миллион доллар тўлаши керак.

«Биз Хитойнинг Эксимбанкига ташқи қарзнинг 50 фоиздан ортиғини тўлаймиз. Қўрқитмоқчи эмасман, лекин тўламасак, Бишкек ИЭМ, Датка-Кемин, Шимолий-Жануб муқобил йўлининг бошқаруви кимнингдир қўлига ўтиб кетиши мумкин [...] Шунинг учун биз бўйнимиздаги бу илмоқни олиб ташлашимиз керак. Биз мустақиллигимизни сақлаб қолишимиз керак. Мен ҳеч бўлмаганда иқтисод нуқтаи назаридан омон қолишимизга ишонаман», — деди Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йил 28 февраль ҳолатига кўра, мамлакатнинг давлат қарзи 5 миллиард 119,15 миллион долларни ташкил этган.Шундан ички қарз 817,31 миллион долларни, ташқи қарз эса 4 миллиард 301,84 миллион долларни ташкил қилган.2022 йил июнь ҳолатига кўра , Қирғизистоннинг Хитой олдидаги қарзи 1 миллиард 794,1 миллион долларни ташкил қилди.