Маданият вазирлиги Талас вилоятининг Қорабура туман судининг судьяси Индира Асилованинг «ПолитКлиника» нашрининг устидан ёзган аризасини рад қилди.
Нашр ўзи ариза беришга «Чўлпонота марказидаги муниципал ер қандай қилиб қонундаги ўғри Қамчи Кўлбаевни онасининг номига ўтиб кетгани ҳақида» материали сабаб бўлганини ёзди. Мазкур мақолада «ПолитКлиника» Кадастр хизматига таяниб, Кўлбаевнинг онасига ўтиб кетган ерга 2015-2016-йиллари Асилова эгалик қилганини ёзган.
«ПолитКлиника»дан маълум қилинганидек, материал чиққандан кейин уларга Асилова алоқага чиқиб, материалдан унинг номини ва суратини олиб ташлашни талаб қилган. Судья «мақола унинг обрўсига ва шаънига путур етказди» деб ҳисоблаган.
Аммо нашр Асилованинг талабини бажаришдан бош тортган. Шу сабаб у ариза билан Маданият вазирлигига мурожаат қилган.
Вазирликнинг матбуот котиби Салкин Сарногоева эса Асилованинг аризаси мақолада қўлланилган маълумотлар давлат идораларидан олингани сабаб рад қилинганини билдирди.
Ҳозирда мамлакатда фейклар ҳақидаги («Аниқ бўлмаган (ёлғон) маълумотлардан ҳимоя ҳақидаги») қонун ишлайди. Бу қонун бўйича Маданият вазирлиги ариза асосида «тўғри эмас» деб ҳисоблаган маълумотлар учун нашрнинг сайтларини вақтинча тўсиб қўя олади.
Нашрларга тўсиқ қўйилиши
Қирғиз ҳукумати фейклар ҳақидаги қонунни қўллана бошлади. Август ойида мамлакатда Res Publica сайти блокланган. Сайтнинг бош муҳаррири Замира Сидикованинг айтишича, сайт «Манас Менеджмент» ишхонасининг собиқ президенти Асан Токтосуновнинг аризаси асосида блокланган. Токтосунов сайтнинг «Манас» аэропорти ҳақида икки суриштирувида ўзи ҳақида ҳақиқатга зид маълумотлар ёзилганини айтиб шикоят қилган.
Август ойининг охирида вақтинча ёпишга 24.kg ахборот агентлиги ҳам дуч келган. Унда «Амбассадор» меҳмонхонаси Маданият вазирлигига 24.kg нашридан шикоят билан мурожаат қилган, улар сайтда чиққан маълумотни тўғри эмас деб ҳисоблашган. Ахборот агентлигидан ҳеч ким улар билан алоқага чиқиб, уларнинг версиясини эшитмаганини билдиришган. Текширувлардан кейин Маданият вазирлиги сайтни ёпиш бўйича қарорни ортга чақиртириб олишга қарор қилган.
26-октябрда эса Маданият вазирлиги «Азаттык»нинг сайтини икки ойга блоклаган. Бунга мазкур медиа 14-17-сентябрдаги қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли жанжал ҳақида «миллий манфаатларга қарши келган ноаниқ материал эълон қилгани» сабаб бўлди дейишган. Нашр ўзи вазирликнинг айбловини инкор қилган.
Бу воқеалардан кейин «Медиа Полиси Институти»нинг юристлари фейклар ҳақидаги қонун «ҳукуматнинг ҳаракатларига мониторинг ўтказиб, оддий аҳолига ҳукумат қандай ишлаётганини тушунишга ёрдам берувчи маълумотларни ошкор қилаётган ОАВга қарши маъмурий ресурс» деган билдирув тарқатишган.