Кампиробод иши бўйича ҳибслар: Азимбек Бекназаров сиёсий очликка қўшилди

242

Оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрганликда айбланиб ҳибсга олинган Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров ТИЗО-1да очлик эълон қилди. Бу ҳақдаги маълумот 15 декабрда сиёсатчининг Фейсбук саҳифасида эълон қилинди.

«Кампиробод масаласини муҳокама қилиб, ўз фикрини омма олдида айтгани учун ноқонуний ҳибсга олиниб, сиёсий очлик эълон қилган сиёсий маҳбуслар билан ҳамфикр эканимни билдириб, 2022 йилнинг 15 декабридан соат 20:00 дан бошлаб сиёсий очлик эълон қилганимни ТИЗОнинг раҳбарига ҳам расман маълум қилдим!» —деб ёзди Бекназаров.

Бекназаров очлик эълон қилган бошқа сиёсий маҳкумларга ҳам мурожаат қилган.

«Сизлардек ватанпарварлар борлиги туфайли Қирғизистоннинг келажаги бор. Бефарқ сотқинлар кўп, ҳақиқий ватанпарварлар кам! Энг муҳими соғлигингиз, уни асранг», деб ёзди у.

Азимбек Бекназаров 23-октябрда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан ва уни ҳимоя қилиш учун қўмита тузган фаол ва сиёсатчилар бирга қўлга олинган. Қўлга олинганларнинг бир қисми қамалишдан бир кун аввал тузилган Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитасининг аъзолари.

Ички ишлар вазирлиги фаоллар ва сиёсатчиларни «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича жиноят иши бўйича қўлга олган.

Кейинроқ суд ҳибсга олинган 20 дан ортиқ фуқарони Бишкекдаги ТИЗО-1га жойлаштирди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Динара Ашурахунова ўзининг Твиттердаги саҳифасида Кампиробод иши бўйича барча маҳбусларнинг ҳукмлари бир хил эканини ёзган.

«Фақат исмлар ўзгарган. Баъзиларга қўшимча моддалар қўшишган », — деб ёзган у.

28-октябрда Бекназаров қамоқхонадан мактуб ёзиб, унда расмийлар барчани ноқонуний ҳибсга олганини айтган. Бекназаров президент Садир Жапаровга ҳам мурожаат йўллаган.

«Атайлаб, эҳтимол буюртма билан йиғинга маслаҳатлашайлик деб, бизни тўплаб, кейин “оптом” қамаб юбориш режанглар бўлгани энди маълум бўлиб қолди! Сизларга эплаб Кампирободнинг берилишига қаршиларни тўплаб, кейин қамаб юборганинглар катта ғалаба бўлди. У кенгаш йиғилишда ҳеч ким оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрайлик деб айтмаган. Сизга ва Жогорку Кенешга қонун доирасида таъсир берар эди, Кампирободни сақлаб қолишнинг йўллари бўйича фикрлар айтилди. Сизлар учун “қамашга одам топилса статья топилади” тамойили муҳим бўлмоқда», — деб ёзган сиёсатчи.

9-октябрда Биринчи Май туман суди Бекназаровни 23-февралга қадар қамоқда қолдирган.