Бермет Бариктабасова: Перизат Суранованинг аҳволи ёмон, касалхонага ўтказишни илтимос қилмоқда

253

Мустақил шифокор Бермет Бариктабасова ТИЗОда очлик эълон қилган фаол Перизат Сурановадан хабар олиб чиқди. Бариктабасованинг айтишича, Суранованинг аҳволи қаноатланарли эмас, у фуқаролик касалхонага ўтказишни илтимос қилмоқда. Бу ҳақда эксперт Фейсбук саҳифасида ёзди.

Бариктабасова фаол тўшакдан тура олмаётганини, хожатхонага уч кишининг ёрдами билан бораётганини билдирди. Шунингдек, унинг айтишича, Суранова боши қаттиқ оғриб, кўзининг кўриши ёмонлашиб, ухлай олмаяпти.

«Суюқлик ича олмай кшнгли айниб, қусмоқда. Ошқозони оғриб, ноқулайликлар бўлмоқда. Тилини оқ босиб кетган. Невропатологлар ёзиб берган “Сибазон” реакция бериб — тана бошқарувини йўқотган, “устки ва пастки бўғинлари шол бўлгандек  — қўл-оёғини сезмай қолган”, боши айланиб, қисқа вақтга ҳушини йўқотмоқда», — деб ёзди шифокор.

Унинг айтишича, Сурановага охирги икки суткада икки марта тез ёрдам чақиртирилган.

Бариктабасова фаол қамоққа олинганига ва қўйилган айбларга қарши эканини билдириш мақсадида билиб туриб озиқ-овқат, ичимлик ҳамда дори-дармон ичишдан бош тортаётганини билдирди. Шифокор фаол ҳолати «номаълум турдаги юқумли-ялиғланувчи патология ҳамда сурункали касалликлар» билан жиддийлашиб кетиши мумкинлигига қарамай очликни тўхтатишдан бош тортаётганини айтди.

«Фуқаролик касалхонасига ётқизиб, ундан кейин кузатиб туришни илтимос қилди. Кўрсатмалар бўйича сийдик тизими ва бошқа органларини қўшимча текширувдан ўтказиш таклиф қилинди», — деди Бариктабасова.

Шунга қарамай Жазоларни ижро қилиш хизматидан Суранованинг аҳволи бўйича изоҳ бера олишмаяпти.

Аввалроқ парламентнинг собиқ депутати Наталья Никитенко Сурановани тез орада касалхонага ўтказишни илтимос қилиб, Бош прокуратурага мурожаат қилишини билдирган. У фаолнинг аҳволини оғир деб атаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Эркина Мукаш ҳам Суранова билан бир камерада ўтирган аёлларга таяниб, фаолнинг сийдигида қону аниқланганини, мустақил ҳаракатлана олмаётганини ёзган.

Жазони ижро қилиш хизматидан Кампиробод иши бўйича қўлга олинганларнинг аҳволи ҳақида изоҳ беришдан бош тортишди.

Сиёсий очлик

Клара Сооронқулова, Перизат Суранова ва Рита Карасартова суднинг уларни 20 февралгача тергов ҳибсхонасида сақлаш қарорига норозилик сифатида 14-декабрда сиёсий очлик эълон қилишди. Кейинроқ Кампиробод иши бўйича 10 дан ортиқ айбланувчи очлик эълон қилган.

Уларнинг барчаси ТИЗОдан озод этишни ва уларга нисбатан оммавий тартибсизликлар уюштириш бўйича жиноят ишини тўхтатишни талаб қилмоқда. Барча айбланувчилар бу ишни уйдирма ва сохталаштирилган деб аташмоқда.

Шунингдек, норозилар очлик эълон қилиш оқибатларида президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни шахсан айблашган.

Октябрь охирида Кампиробод сув омборининг кўчирилишини танқид қилган фаоллар, сиёсатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсга олинган эди. Барча ҳибсга олинганлар ўз айбларини тан олмайдилар ва босимлар, шунингдек, жиноий таъқиб уларнинг Кампирободдаги позицияси туфайли бошлангани ҳақида айтишади.

Фаоллар ва сиёсатчиларнинг оммавий ҳибсга олиниши бир қатор депутатлар томонидан қораланиб, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch эса Қирғизистон ҳукуматини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган.

Президент Садир Жапаров эса ҳеч кимга кимнидир озод қилишни буюра олмаслигини айтган. Президент мазкур иш бўйича судьяларнинг фаолиятига ҳеч ким аралаша олмаслилигини таъкидламоқда. Унинг фикрича, Кампиробод иши бўйича айбланувчилар «тўнтариш режалари учун» «ўз вақтида» ҳибсга олинган. Унинг сўзларига кўра, айбланувчилар гўёки йиғилишларга бориб, уларда давлат тўнтариши режалари ва бўлажак митингларда одамлар сонини муҳокама қилишган.