Қирғизистон президенти Садир Жапаров 18 декабрда, айнан жаҳон чемпионатининг финал кунида иш сафари билан Қатарга учиб кетди.
Самолёт трапида Жапаровни Қатарнинг спорт ва ёшлар вазири Салоҳ бин Ғаним Ал Али кутиб олди.
«Гилам тўшалиб, фахрий қоровул саф тортди», — деб ёзади президентнинг матбуот хизмати.
Қатар 18 декабрь куни жаҳон чемпионати финалига мезбонлик қилади, унда Аргентина ва Франция терма жамоалари учрашади. Учрашув Лусайл шаҳрида бўлиб ўтади. Жапаров эса пойтахт Доҳага етиб келган. Аммо шаҳарлар ўртасида атиги 20 километрдан сал кўпроқ масофа бор, улар машинада ярим соатда етиб олиши мумкин.
Президент финал ўйинини стадион трибунасидан томоша қиладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. Жапаров Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан мамлакатга расман «ишчи ташриф» билан келди, деб хабар қилди президентнинг маъмурияти.
Шу билан бирга, Қатар ОАВлари Жапаров «Жаҳон чемпионати финалида иштирок этиш» учун келганини ёзмоқда.
Садир Жапаров бир неча бор футболга бўлган иштиёқи билан ажралиб турган. У мунтазам равишда «Мурас» турнирларини ташкил этиб, майдонда президент маъмурияти, мансабдор шахслар, депутатлар ва бошқа давлат хизматчиларининг жамоалари ўзаро мусобақалашиб туради.
Мурас турнири шу вақтгача уч марта ўтказилган. Улардан иккитасида Жапаров энг яхши тўпурарга айланиб, унинг жамоаси эса биринчи ўринни эгаллаган. Охирги турнирда президент жамоаси иккинчи ўринни эгаллаб, 300 минг сомга эга бўлган.