«Ҳушини йўқотиб, қусмоқда». Очлик эълон қилган қамоқдаги Нарматованинг аҳволи кескин ёмонлашди

251

Очлик эълон қилган қамоқдаги собиқ депутат, «Бутун Қирғизистон» партиясининг аъзоси Орозайим Нарматованинг аҳволиошқозон яраси сабаб «кескин оғирлашиб» кетди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячилари адвокат Чинара Жакупбековага таяниб фейсбук саҳифасига ёзиб чиқишди.

«Ҳолсизлик, оғзига тинимсиз аччиқ келиб қусиб, ҳушини йўқотиб, зўрға ҳаракатланмоқда», — деб таъкидлашди улар.

16-декабрда ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова Нарматова ҳушдан кетиб йиқилганини, шифокорлар унга оғриқ қолдирувчи дори сайишганини ёзган. Унинг айтишича, Нарматова очликнинг уч куни ичида тўрт килограммга озиб кетган.

Биринчи май туман суди 13-декабрда Орозайим Нарматова, Клара Сооронкулова, Перизат Суранова ҳамда Рита Карасартовани 20-февралга қадар қамоқда қолдирган.

Ўша куннинг ўзида ҳибсга олинганлар очлик эълон қилган. Уларга 20-февралгача қамоқда қолдирилган собиқ депутат Бектур Асанов, МХДҚнинг собиқ етакчиси Кенешбек Дуйшўбаев ҳамда фаол Улукбек Маматаев ҳам қўшилган.

Нарматова эса 27-октябрда Москва шаҳрида қўлга олиниб, фаол Илгиз Шаменов билан бирга Бишкекка етказилган. Шаменов Нарматова иккисига «Ҳукуматни куч билан босиб олиш» моддаси билан иш қўзғалганини маълум қилган. Кейинчалик Нарматовага «Ҳокимиятни куч билан босиб олишга очиқ чақириқлар» моддаси билан айб қўйилгани маълум бўлди.

ИИВ «Оммавий тартибсизликларни уюштиришга тайёрланиш» шубҳаси билан деярлик 30га яқин фаол ва сиёсатчиларни қўлга олган. Суд уларни икки ойга қамоққа олган. Қўлга олинганлар Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтишига қарши чиқиб, ҳукуматни танқид қилиб келишган.