«ПолитКлиника»: Чўлпонотадаги маданият уйининг ери қонундаги ўғри Колбаевнинг онасига ўтиб кетган

246

«Политклиника» нашри Чўлпонотанинг марказидаги маҳаллий Маданият уйи жойлашган муниципалитет участкаси номаълум шароитларда қандай қилиб шахсий қўлларга ўтиб кетгани ҳақида кичик суриштирувини эълон қилди. Материалда мазкур ер ҳозирда қонундаги ўғри Қамчи Кўлбоевнинг онасига тегишли эканлиги айтилади.

Маҳаллий турғун Маданият уйи жойлашган ер номаълум вазиятларда ҳусусий шахсларга ўтиб кетганини 15-декабрда «Азаттык» даги видеолавҳада айтган.

«ПолитКлиника»нинг журналистлари «Азаттык»нинг лавҳасидан кейин кадастр ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Маданият уйининг ери ҳозирда Кўлбаевнинг онаси Мая Алиевнинг номида эканини аниқлашган. У ерга «Барашек» кафесининг терассаси қурилиб, майдони кенгайтирилган.

«Азаттык»нинг видеосидан скриншот.
«Барашек»нинг терассаси. «Азаттык»нинг видеосидан скриншот.

Журналистларнинг маълумотига кўра, Алиева «Барашек»нинг биноси жойлашган ерни 2009-йили 2006 йилда отиб ўлдирилган Қирғизистондаги энг машҳур криминал авторитетлардан бири Риспек Акматбоевнинг қариндоши Гулнара Акматбаевадан сотиб олган. Кейин, 2016 йилда кафе ўз ҳудудини кенгайтириб, авваллари маданият уйи жойлашган жойда ёзги айвон қуриб олган.

Айрим маҳаллий амалдорлар «Азаттык»қа берган интервьюсида муниципал ерлар қандай қилиб хусусий қўлларга ўтганини билмасликларини айтишган. Чўлпон-Ота шаҳрининг собиқ мэри Ақилбек Саралаев ушбу участка тендер асосида сотилганини айтган бўлса, бошқа бир шаҳарнинг собиқ бошчичи Болот Бакиров мазкур ер ҳамон муниципал эканлигини билдирган. Мазкур округдан сайланиб келган парламент депутати Мақсат Сарибағиш мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказиш масаласини кўтараётганини айтган.

Колбаев ким?

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистонда Қамчи Кўлбоевни «жиноят оламининг онабоши» деб атаган. Колбаев мамлакатда «тождор қонун ўғриси» сифатида танилган.

2012 йилда президент Барак Обама Колбаевни йирик наркобаронлардан бири сифатида қора рўйхатга киритган. 2017 йилда АҚШ Молия вазирлиги ҳам уни қора рўйхатга киритиб, Колбаев «Биродарлар доираси» халқаро жиноий гуруҳининг бир қисми эканлигини маълум қилган. У «Коля-қирғиз» номи билан ҳам танилган.

Колбоев уюшган жиноий гуруҳ раҳбари сифатида Ички ишлар вазирлигида рўйхатга олинган – бошқарма маълумотларига кўра, 2020 йилда унинг таркибига 424 киши кирган.

Колбаев 2020 йилнинг октябр ойида «Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятини аниқлаш ва бостириш бўйича олиб борилаётган ишлар давомида» қўлга олинган эди. У «Жиноий ташкилот тузиш ёки унда иштирок этиш»да айбланган. Ноябрь ойида у 47-сонли ахлоқ тузатиш колониясига жойлаштирилгани маълум бўлган.

Бироқ 2021 йилнинг 2 мартида Бишкек шаҳар суди Колбаевга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уни гаров эвазига озод қилган. Ноябрь ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Колбаевни давлат чегарасининг режимини бузгани учун яна қўлга олган, бироқ протокол тузгандан кейин қўйиб юборган.