Депутат Бакировнинг тарафдорлари уни мандатдан ажратмаслик талаби билан президентга мурожаат қилишди

224

15 декабрь куни депутат Ўмурбек Бакировнинг тарафдорлари президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевга мурожаат қилиб, уни мандатдан маҳрум қилмасликни илтимос қилишди. Халқ вакилининг кичик ватани – Аравон туманидаги Тўў-Мўюн қишлоғида юзга яқин киши йиғилди.

«Тўў-Мўюн халқи Садир Жапаровнинг [ҳокимиятга келиши] бошиданоқ унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаган. Яқинда Бакиров қирғиз-ўзбек чегара шартномасини ратификация қилиш бўйича халқ билан маслаҳатлашганида, кўпчилик ундан [келишувни] қўллаб-қувватлашни сўради. Фуқаролар унга [Ўзбекистон] қурмаган канални қуришни ҳам маслаҳат беришди. Халқнинг илтимосларини етказмоқчи бўлган Бакиров шундай босимга дучор бўлди, деб ҳисоблаймиз», — деди йиғилганлар.

Улар Бакировга нисбатан собиқ депутат Равшанбек Рисбаевнинг аризасига кўра янгиланган иш туфайли суд орқали мандатдан маҳрум қилиниши мумкинлигидан хавотирланишмоқда. 12-декабрда собиқ сиёсатчи Бакиров устидан Маъмурий судга ариза билан мурожаат қилиб, сўнгги парламент сайловларида Бакиров томонидан сайловчиларни пора олгани ҳақидаги ишни кўриб чиқишни сўраган. Суд талабни қондирган.

Аммо муаммо шундаки, суд шу тариқа 2021 йилда ёпилган ишни давом эттирди. Айнан ўшанда Рисбаев Бакиров сайловчиларга пора бериб, мандатини ноқонуний олган деб ўйлаб, дастлаб судга мурожаат қилган. Аммо кейин суд Бакиров тарафини олиб, ишни ёпиб қўйган.

«Биз суд томонидан чиқарилган қарорга қаршимиз. Бу масала уч кун ичида кўриб чиқилиши керак эди. Бироқ, у бир йилдан кейин кўриб чиқилмоқда. Биз қонунийликни талаб қиламиз. Биз бировни мақтаб, бировни ёмонлаб чиққанимиз йўқ. Олий суд адолатли қарор чиқаришини истаймиз.Судьяларга босим бўлмасин. Бу [Бакировнинг мандатини бекор қилиш масаласи] яқинда бўлиб ўтган тортишувдан сўнг пайдо бўлди», — деди йиғилганлардан бири.

 Бакиров ва Ташиев ўртасидаги тортишув

Бу одам Бакиров ва Ташиев ўртасида 17-ноябрда парламентдаги учрашувда бўлиб ўтган шов-шувли тортишувни назарда тутмоқда. Ўшанда парламентарийлар Кампирободни Ўзбекистонга бериш тўғрисида қарор қабул қилишлари керак эди.

Бакиров сув омборини топшириш ташаббускорларидан бири Қамчибек Ташиевга саволлар билан мурожаат қилган. У Кампирободда канал қурилиши ҳақида сўраб, Каркидон сув омбори масаласини ҳал қилишда йўл қўйилган «кўп хатоларни» тилга олган.

Ташиевнинг жаҳли чиқиб, «Онангни...», деб сўккан.

Бакиров 24.kg ахборот агентлигига берган интервьюсида маъмурий суд билан боғлиқ вазият Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказишга қарши овоз бергани билан боғлиқлигини айтган.

Бакировнинг кабинетидан чиқарилиши

Ташиев билан жанжалнинг эртасигаёқ Бакировнинг иш кабинети олиб қўйилган. Бакировнинг айтишича, 18 ноябрь куни президент маъмурияти ходимлари унинг кабинетининг эшигини бузиб, у ердан барча нарсаларни олиб чиқиб кетишган.

Президент маъмуриятидан келган хатда Бакиров «Ишларни оптималлаштириш ва иш ўринларини тартибга солиш» муносабати билан еттинчи қаватдаги 705-сонли кабинетни бўшатиши кераклиги айтилган. Маъмурият, шунингдек, Бакиров тез орада ўзи учун «мос» офис топишига ишонтирган.

Президент департаментининг раҳбари Қанибек Туманбаевнинг хабар беришича, уч фракция раҳбарининг мактубидан сўнг уларни кўчириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Унга кўра, Бакировнинг ишхонаси улардан бирига топширилади.

Бир қатор парламент аъзолари Бакировнинг ўз кабинетидан чиқариб юборилиши ижро ҳокимиятининг Жогорку Кенешга нисбатан ҳурматсиз муносабати, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, ушбу масалани ўрганиш учун депутатлик комиссияси тузилиб, кўпчилик аъзолари Бакировни кабинетдан маҳрум қилиш ноқонуний, деган хулосага келишган.