Ўш: Адвокат турмуш ўртоғини калтаклаган подполковникка иш қўзғалмаётганини айтди. Милиция буни инкор қилди

263
Иллюстратив сурат

Ўш шаҳар милициясининг Ак-Буура бўлими хотинига зўравонлик кўрсатган подполковникка жиноят ишини қўзғашдан бош тортди. Бу ҳақда адвокат Муҳайё Абдураупова 16-декабрда билдирди.

У жабрланувчи турмуш ўртоғи «аёвсиз калтаклаганига қарамай оиласини ва болаларини сақлаб қолиш учун чидаб яшаб келаётганини» айтди.

«Кўп йиллик зўравонликка сабри тугаб, охирги марта ҳушидан кетгунча калтаклангандан кейин шикоят билан мурожаат қилган. [Ўшанда] уч соат ҳушсиз ётган, [эри] ҳатто ёрдам беришга ҳам ҳаракат қилмаган, аёл ўзига келгандан кейин тез ёрдам чақирган», — деди адвокат.

Абдураупованинг айтишича, жабрланувчининг шикоятини шаҳар милиция бўлими кўриб чиқиб, 15-декабрда «жиноят таркиби йўқ» деган асосда иш қўзғашдан бош тортган.

«Аёл шок аҳволда, ҳолсизлик билан адолатсизлик сабаб йиғламоқда. Қачон давлат аёлларимизни ҳақиқатдан ҳимоя қилади», — деб савол берди адвокат.

Милиция нима дейди?

Ўш шаҳар милицияси эса Муҳайё Абдураупованинг айтганларини инкор қилиб, жабрланувчининг эри «Ўш ШИИБда хизмат қилмайди» деб билдиришди.

Маълумотга кўра, 3-декабрда Ўшнинг 45 ёшдаги турғуни эри урганини айтиб, милицияга мурожаат қилган. Мазкур факт ўша куни шаҳар милициясининг Ақ-Буура бўлимига рўйхатга олинган.

Кейинчалик жабрланувчининг турмуш ўртоғи кўрсатма берган. У «гап талашиб кетиб, хотинини ўриндиққа ўтқазиз қўйганини» ҳамда хотинига «қўл кўтармаганини» айтган.

Суд-тиббий экспертизанинг хулосасида эса аёл «енгил жароҳат олгани» маълум бўлган.

Милициядан бу бўйича «Оилавий зўравонлик» моддаси билан ҳуқуқ бузарликлар аниқлангани сабаб, жиноят иши қўзғалмаганини таъкидлашди. Гумонланувчга чора кўриш учун қарор Ўш ШИИБнинг Ақ-Буура бўлимининг жамоат хавфсизлик хизматига юборилганини қўшимча қилишди.

Қирғизистон Марказий Осиёдаги аёллар учун энг хавфли давлат ҳисобланади

Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг тинчлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда (WPS Index) Марказий Осиё давлатларининг ичидан энг хавфли ўлка деб ҳисобланади. Мазкур индексда Қирғизистон аёлларнинг вазияти баҳоланган 170 давлатнинг ичидан 97-ўринни эгаллаган.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, қарийб ўн йил давомида аёлларнинг ўлдирилиши бўйича «Қотиллик» моддаси бўйича 762 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу қотилликларнинг катта қисми эркаклар томонидан содир этилган - ўртача ўнтадан саккизтаси.

Аксарият ҳолларда Қирғизистонда аёллар эрлари ва яқин шериклари томонидан ўлдирилади ва аёл ўлими бевосита оиладаги зўравонликнинг натижасидир.

Одатда аёлнинг эркак томонидан ўлдирилиши фемицид деб аталади. Эркаклар бу қадамни аёллардан нафратлангани учун, гендер камситишлари натижасида ва/ёки давлат жинсга асосланган зўравонликка кўз юмганида боради.