«Ўтхонада юргандаймиз». Депутат Бишкекда смогга қарши чора кўрилмаётганидан аччиқланди

230

Парламентнинг 14-декабрдаги йиғинида депутат Шайлообек Атазов Бишкекдаги смог масаласини кўришни таклиф қилди, аммо вице-спикер Нурбек Сидигалиев бу мавзу кейинги ҳафтада муҳокама қилинади деб жавоб берди. Сидигалиевнинг жавобидан депутат Суйун Омурзаков аччиқланди.

«Кўчага чиқиб кўрсангиз! Биз баримиз ўтхонада юргандек бўляпмиз. Шу сабабдан барча масалани тўхтатиб, бир соатни белгилаб [смог бўйича] топшириқ берайлик. Бу ишни бугундан [қолдирмай] бошлайлик. Эртага келиб соғлиқни йўқотганден кейин кеч бўлиб қолади», — деди Омурзаков.

Сидигалиев депутатга «эшикка чиқиб юраман, барини кўриб турибман» деб жавоб берди. Унинг айтишича, смог масаласини муҳокама қилишга қарши эмас, аммо парламентнинг регламенти масалани кун тартибига киргизишга йўл қўймайди.

«Регламент йўл бермайди. Мен нима қилай? Эртага масъулларни чақирайлик, маълумотини эшитайлик», — деб жавоб берди вице-спикер.

Шайлообек Атазов эса ўз сўзида шаҳарнинг устидаги смог фуқароларнинг соғлиғига ёмон таъсир қилаётганини айтди.

«Ҳавонинг булғаниши сабаб ёш болаларнинг ўпка касали ва бошқа касалликлар кўпаймоқда. Кўпчилиги шу смог сабаб бу дунё билан видолашмоқда. Мана депутатларимиз кечаги куни бир неча йиғин ўтказди, ҳукуматда мажлис бўлмоқда. Аммо йиғилишнинг натижаси йўқ. Чунки амалдорлар [бу масалага] бефарқ бўлишмоқда […] Тегишли етакчиларни чақирайлик. Эҳтимол саботаж қилиб, айрим амалдорлар атайлаб шу ҳавони ифлослантириш учун ишлашаётгандир», — деди Атазов.

Мунозара ниҳоясида депутатлар 14-декабрда парламентга шаҳарнинг экологияси учун жавобгарларни чақиришга қарор қилишди.

Бишкекдаги ҳавонинг булғаниши

Ҳар йили совуқ ҳаво бошланиши билан Бишкекда ҳаво сифати ёмонлашади, аҳоли тутундан азият чекади. Шунингдек, Қирғизистон пойтахти бир неча йиллардан буён ҳавонинг ифлосланиши бўйича жаҳон шаҳарлари рейтингида биринчи ўринда туради.

Бироқ мутасадди идоралар томонидан тутунга қарши кураш бўйича ҳалигача самарали чоралар кўрилмаган.

Шундай қилиб, 2021 йилнинг 17 декабрида Вазирлар Маҳкамаси ҳаттоки тутунга қарши курашиш бўйича фавқулодда комиссиясини тузган. Фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича шошилинч чоралар кўриш ва тутунга қарши курашиш бўйича ечимларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Бироқ комиссияга қадар 2021-йилнинг 31-мартида парламент депутатлари «Бишкек шаҳридаги ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтириш бўйича чоралар ҳақида» қарор қабул қилишган. Бир йилдан кейин депутатлар Вазирлар маҳкамасининг Бишкекдаги смогга қарши курашиш бўйича чораларини етарсиз деб топишган.

Ҳукумат Бишкекдаги ҳавони ифлосланишининг асосий сабабларидан бири — транспортлардан чиққан зарарли газлар деб ҳисоблайди. Октябрнинг охирида БМТнинг Қирғизистондаги вакиллиги Бишкекда ҳавони ифлосланишининг асосий сабаби — хусусий уйларни иситиш мақсадида фойдаланилган кўмир экани бўйича тадқиқотнинг натижаларини эълон қилган.

Шунингдек, ЮНИСЕФ «Ҳавонинг ифлосланишининг Бишкекдаги аёллар ва болаларнинг соғлиғига ҳамда ҳаётининг ижтимоий аспектига етказган таъсир» деган номдаги тадқиқотни эълон қилган. Тадқиқотга кўра, 2021-йилнинг 1-июлидан бошлаб 2022-йилнинг 30-июнигача смогнинг таъсири 112 кишининг ўлимига олиб келган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бундай рақамлар бўйича шубҳаси бор эканини, ва аниқ маълумотларни сўраб ЮНИСЕФга мурожаат қилишганини айтиб жавоб беришган.

12-декабрда Табиий ресурслари, экология ва техника назорат вазирлиги Бишкекдаги смог муаммосини ҳал қилиш учун БМТдан 6,7 млрд доллар миқдорида грант сўрагани маълум бўлди. Шунингдек ҳукумат электр энегиясини импорт қилиш учун 25 млн доллар грант олишни режалаштирмоқда.