Ўшдаги футбол майдони очилишида музлаб қолган болалар: Воқеа ўрганила бошлади

312
Видеодан скриншот

Ўшдаги футбол майдонининг очилиш маросимида совуқда юпқа кийим кийган болалар ҳодисаси юзасидан тергов олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Клооп»га шаҳар мэриясидан маълум қилишди.

Воқеа 10 декабрь куни бўлиб ўтган. Совуқда ёш спортчилар енгил кийинишган, очилиш маросимида иштирок этаётган мутасаддилар эса иссиқ кийимда бўлишган.

Очилиш маросимида Ўш шаҳар вице-мэри Венера Рисқулова, Қирғизистон футбол уюшмасининг раҳбари Медербек Сидиқов ва шаҳар кенгаши депутати Болот Баетовлар иштирок этишган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари «болалар совуқда енгил кийинишга мажбурлашган», дея танқид қилишган.

Шаҳар мэриясининг матбуот котиби Азамат Жээнбековнинг «Клооп»га айтишича, ўша куни болалар «термо кийимда» бўлган.

«Тадбирни «Алай» футбол клуби уюштирган. Уларга айтсам, «бу ҳар доимгидек кўриниш, у ерда термо кийим берилади, ҳар куни шундай машқ қилишади, буни ҳеч қандай хавфи йўқ», дейишди. Кейин ўўзинглар билинглар дедим, эртасига тадбир бўлиб ўтди. Мен ўзим ҳам кеча ўша янги ўйин майдончаси ёнидан ўтиб кетаётиб, болаларнинг ўша кунгидек термо кийимда машқ қилишаётганини ўз кўзим билан кўрдим», — деди Жээнбеков.