Қирғиз-тожик чегарасининг 17,66 километри аниқланган, бироқ қайси жойлар экани ҳозирча номаълум

313

Қирғизистон ва Тожикистон умумий узунлиги 17,66 км бўлган чегара чизиғининг ўтиш жойининг лойиҳа тавсифини якунлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлар Маҳкамаси маълумотларига кўра, 1-6 декабрь кунлари Боткен шаҳрида икки давлат ҳукумат делегацияларининг топографик ишчи гуруҳлари йиғилиши бўлиб ўтди. Томонлар 2023 йилга мўлжалланган учрашувлар жадвалини ҳам келишиб олди.

«Учрашув дўстона ва ўзаро англашув руҳида ўтди. Томонлар навбатдаги учрашуви Тожикистонда бўлиб ўтади», — деди Вазирлар Маҳкамаси.

Президент администрациясидан эса «Клооп»га ҳозирча айнан қайси ерлар ҳақида гап бўлаётгани номаълум эканини айтишди. Бу ҳақда Янги йилга қадар аниқлаб, маълумот беришга ваъда беришди.

Аввалроқ Садир Жапаров Қирғизистон ва Тожикистон чегара бўйича дастлабки келишувга эришгани ҳақида хабар берган эди.

«Сўзлашувларни олиб бордик, аммо қўл қўйилгани йўқ. Икки томон ҳам келишувга рози. Қамчибек Ташиев бориб олдиндан қўл қўйиб келди. Энди [тожик томон] бизга келиб, қўл қўйишади. Кейин парламентга олиб бориб, бунга нуқта қўямиз», — деган у.

Қирғиз-тожик чегара муаммоси

Қирғиз-тожик чегарасининг узунлиги 976 чақиримни ташкил қилади. Унинг 504 километригина демаркацияланган. Қолган ҳудудлар ҳозиргача аниқлангани йўқ. Икки мамлакат турғунлари ўртасида эча низо тез-тез бўлиб туради.

14-17-сентябрда қирғиз-тожик чегарасида тўлиқ кўламли қуролли тўқнашув бўлган. Отишма давлат чегарасининг барча периметрида содир бўлган.

Қирғизистоннинг Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, отишма оқибатида 63 киши ҳалок бўлиб, 206 киши жабрланган.

Тожикистон ҳукумати эса тўқнашувда 41 тожик фуқароси ҳалок бўлиб, 20дан ортиқ фуқароси эса яраланганини таъкидлаган. Икки томон ҳам ҳарбий тажовузда бир-бирини айбламоқда.