Экс-президентларни имтиёзлардан ажратиш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинди

243

6-декабрда Конституциявий қонунлар, давлат тузилиши, суд ҳуқуқий масалалари бўйича қўмита экс-президентларни имтиёзлардан ажратиш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади.

Жогорку Кенешнинг «Ата-Журт Қирғизистон» фракциясининг депутати Женишбек Токторбаев экс-президент янги сайланган президент хизматга киришган вақтдан бошлаб бир ой ичида давлат қароргоҳининг ҳудудида жойлашган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишни тўхтатиши кўзда тутилган низомни таклиф қилди.

Бундан ташқари мазкур қонун лойиҳаси давлат қароргоҳида яшаган президентдан бошқа барча давлат ходимларини коммунал ҳақларини ўзи ҳисобидан тўлашга мажбур қилади.

«Қонун ўтмишга кўра кучга эга эмас, [шу сабабдан] бу қабул қилинса экс-президентларга эмас, бундан кейингиларгагина қўлланилади», — деб таъкидлади Женишбек Токторбаев.

Депутат Дастанбек Жумабеков бундай таклифга қарши эканини билдириб, экс-президентларнинг айрим дахлсизликлари сақланишини кераклигини айтди.

«Халққа пок ният билан хизмат қилган президент муддати тугаб кетгандан кейин, уларга чегирилган нарсаларни олиб қўйишни тўғри эмас деб ўйлайман.[...] Шу сабабдан 13-моддани ҳозирги ҳолатида қолдириб, давлат қўриқлаш хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши керак. Уларнинг имтиёзларини олиб қўйсак, кейинги ҳаётини ўйлаб, коррупцион қадамларга бориши мумкин», — деди Жумабеков.

Депутат Нурланбек Азигалиев эса президентлар давлатнинг махфий ҳужжатларига эриша олиш имконига эга бўлганидан, экс-президентлар ҳимояга олиниши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, Дастан Бекешев 2019-йили ўша вақтдаги президент Сооронбай Жээнбековнинг босими билан Алмазбек Атамбаевни экс-президент мақомидан ажратганини таъкидлади. Шунингдек у янги овозга қўйилган қонунни мозийга ишлайдиган қилишни таклиф қилди.

«“Ҳаёт бумеранг” дейди. Менимча, бу ҳам бошқа президентларга дарс бўлади. Агарда қонунни ортга ишлайдиган қилмасак, қандай маъноси бор? Депутатларга президентнинг аппарати тарафидан кучли босимлар бўлмагандими? Бўлган», — деди Бекешев.

Йиғилишнинг сўнгида, қўмита аъзолари қонун лойиҳасини маъқуллади.

Экс-президентларни имтиёзлардан ажратиш таклифи

Жогорку Кенешнинг депутати Женишбек Токторбаев экс-президентларни айрим имтиёзлардан ажратишни таклиф қилган қонун лойиҳаси 23-августда парламентнинг сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Ҳозирда экс-президентлик мақоми Сооронбай Жээнбеков билан Роза Отунбаевадагина бор. Бунга қадар фуқаролар уларни мазкур мақомдан ажратиш учун қўл тўплай бошлашган.

Собиқ президентлар Алмазбек Атамбаев, Аскар Акаев ҳамда Курманбек Бакиев эса бу мақомдан ажратилган.

Қонунга кўра, экс-президентлар умрбод давлат қўриқлаш хизмати билан таъминлайди, шунингдек давлат дала ҳовлиларининг бирини умрбод фойдаланишга олишади.

Шунингдек экс-президент аэропорт ҳамда аэровокзалларнинг, жумладан темир йўл вокзалларининг расмий делегацияларига бағишланган залларини, ундан ташқари, давлат алоқа хизматидан бепул фойдаланишга ҳақли.

Пенсия ёшига етгунга қадар экс-президент президентлик ойлик маошидан 75 фоиз миқдорида ҳар ойда умрбод маблағ олиш ҳуқуқига эга.