ХВФ: «Давлат харидлари ҳақидаги» қонунни ўзгартириш — коррупцияни кўпайтиради 

233

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишлар, яъни танлов ўтказиш тартиб-таомилларини истисно қилиш харидлар тизимининг холислигига путур етказиб, коррупция хавфини сезиларли даражада оширади. Бундай хулосага Халқаро валюта жамғармаси Қирғизистонга миссияси якунлари бўйича келган.

Жамғарманинг маълумотига кўра, ўзгартиришлар давлат маблағларининг нотўғри ишлатилишига, инвестиция муҳитининг янада ёмонлашишига олиб келади, шунингдек, «жуда зарур бўлган имтиёзли ташқи молияларни олиш имкониятини хавф остига қўйиши мумкин».

Жамғарма Қирғизистон расмийлари давлат харидлари бўйича шартномаларнинг тўлиқ матнларини, бундан ташқари, бенефициар мулкдорларнинг шахси ҳақидаги маълумотларни тўлиқ эълон қилиши керак, деб ҳисоблайди.

2022 йилнинг апрелида Садир Жапаров «Кабар» нашрига берган интервьюсида тендер тизимини бекор қилиш тўғрисидаги қонунни имзолаганини айтган. Ўшанда президент ҳужжат бир ойдан кейин кучга киришини билдирган.

Жорий йилнинг октябрь ойида президент администрациясининг сайтида «”Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинган эди.

Ҳужжатда лойиҳанинг асосий мақсади давлат харидларини амалга оширишни такомиллаштириш ва оптималлаштириш, шунингдек, давлат харидларидаги коррупцияга барҳам беришдан иборатлиги қайд этилган.

Қонундан нималарни чиқаришмоқда?

Давлат харидларининг усуллари

Қонун лойиҳасида давлат харидларининг икки усулини — чекланмаган ва чекланган усулини олиб ташлаш таклиф қилинмоқда.

Бу давлат харидлари биргина «котировкаларни талаби» ва «биргина манбадан» сотиб олиш усуллари билан олиб борилади дегани. Бошқача айтганда, бу танловсиз тўғридан-тўғри харидлар бўлади. Бундай операцияларга 2020-йили, Қирғизистон COVID-19 пандемияси сабаб фавқулодда ҳолат режимида турганда йўл берилган.

Европа иттифоқининг давлат шартномалари бўйича таҳлили кўрсатганидек, тўғридан-тўғри келишувлар товар ҳамда хизматларнинг қийматини орттирилишига олиб келади. Масалан, юз ниқоблари бозор баҳосидан 10 баробар қиммат сотиб олинган.

Давлат харидлари бўйича комиссия

Бундан ташқари, қонуннинг янги таҳририда таклифларни баҳолаш, ғолибни аниқлаш ёки қоида бузилиши аниқланса, харидни муваффақиятсиз деб топувчи комиссияни тугатиш таклиф этилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, комиссия камида уч кишидан иборат бўлиши, улардан бири давлат харидлари соҳасида сертификатланган мутахассис бўлиши керак. Шунингдек, комиссия таркибига сотиб олувчи компания раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва таклиф этилган экспертлар кириши мумкин.

Компаниялардан келиб тушган билдирувларни кўриш ишини фақатгина ушбу комиссиялар бажарар эди. Улар муносиб етказиб берувчини танлашар эди — комиссия ҳужжатларда муаммолар, нархлари қиммат ёки товарнинг намуналари сифатсиз бўлса етказиб берувчи компаниянинг хизматидан бош торта олишар эди.

Таклиф қилинган қонуннинг янги таҳририятида «кучини йўқотди» деган гап умумий 18 марта учрайди. Бу ўзининг квалификация маълумотларини тасдиқлаш учун етказиб берувчи тарафидан берилиши шарт бўлган ҳужжат далилларига нисбатан талабларга ҳам тегишли бўлган.

Тендер тизими йўқолади

«Прецедент» компаниясининг юристи Эдил Эралиев қонунга таклиф қилинаётган ўзгартиришлар давлат харидларини яхшиламайди, у ҳозирги тендер тизимини тўлиғи билан йўқ қилади деб ҳисоблайди.

«Менимча тендер тизими йўқолади. У рақобатчилик, тежаш, сифатли товар сотиб олиш учун керак эди. Агар у бўлмаса, харидлар парда ортига ўтади.2020-йили пандемия вақтидаги кўриниш бўлади. Тасаввур қилинг, барчаси доимо шундай сотиб олинади», — дейди эксперт.

Бюджетни режалаштириш ва давлат молия масалалари бўйича эксперт Бакит Сатибалдиев ҳам тендер тизими йўқ бўлиб кетишини айтади.

«Ҳамма нарса рақобатбардош савдоларни бутунлай йўқ қилишга олиб келади, чунки котировкаларни сўраш усули: «биз кимга хоҳласак, биз сўров юборамиз, улар нарх беради ва шунинг учун биз буни зарур деб билган кишидан сотиб оламиз» деган маънони англатади. Рақобат бартараф этилса, қиммат ва сифатсиз маҳсулотларни сотиб олади, дегани», - дейди у.

Унинг айтишича, тендер комиссияларини тарқатиш «жамоат назоратининг ҳам бутунлай йўқ бўлишига» олиб келади.

Аввалроқ «Клооп» давлат харидлари қандай панага кетаётгани ҳамда давлат харидлари ҳақидаги янги қонун харидларнинг бир қисмини халқдангина эмас, потенциал иштирокчилардан  — бизнесменлардан ҳам яшириши мумкинлиги ҳақида ёзган.

2021-йили Президент Садир Жапаров давлат идоралари «конфиденциал» қилишни ҳал қилган харидларни яширин қилишга имкон берувчи «Давлат харидлари ҳақидаги» қонунга қўл қўйган.

Давлат харидлари ҳақидаги очиқ манбадаги маълумотлар журналистларга ва жамоатчиликка тендерларда ҳукуматга алоқаси бор компаниялар ютаётган ҳолатларни аниқлашга имкон бериб келган.