Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Бутун Қирғизистон» партиясининг уч нафар аъзосига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.
Қўмита маълумотларига кўра, жиноят ишлари «Бутун Қирғизистон» фракциясининг лидери Адахан Мадумаровнинг маслаҳатчиси — Айпери Кулмурзаевага, фракция котибиятининг эксперти Айгерим Алибаевага ва Мадумаровнинг ёрдамчиси Муратбек ўғли Азаматга нисбатан очилган. Бунга уларнинг сохта меҳнат дафтарлари қалбаки экани аниқлангани сабаб бўлган.
«Жиноят иши бўйича судланувчиларга «қасддан ёлғон ҳужжат ишлатиш» моддаси бўйича айблов қўйилди. Алибаева ва Муратбек ўғли ҳужжатларни қалбакилаштиришга иқрор бўлиб, ўз хоҳишларига кўра эгаллаб турган лавозимидан чиқиш ҳақида ариза ёздилар. Биринчи май туман суди Қулмурзаевани лавозимидан четлаштирди», — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг хабарида.
«Бутун Қирғизистон» — парламентнинг мухолифатдаги фракцияси ҳисобланади. Унинг раҳбари Адахан Мадумаров. У парламентнинг собиқ спикери ва Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби. У президентлар Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жээнбеков давридаги мухолифат қаторида турган, ҳозир ҳам амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровга мухолиф бўлиб келади.
Мадумаров тез-тез ҳокимиятнинг ҳаракатларини танқид қилади. Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига ҳам қарши чиққан.