Ижтимоий тармоқларда Қирғизистон журналистлари ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ахборот кампанияси бошланди

304

Қирғизистонда мамлакатдаги журналистларни ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ахборот кампанияси бошланди. Бу ҳақда Журналистлар жамоат уюшмасидан билдиришди.

Акция 1-декабрдан бошлаб, 9-декабргача давом этади.  Акциянинг мақсади — жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини мамлакатдаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятга қаратишдир.

Кампания давомида Қирғизистондаги журналистларга босим ўтказиш фактлари #ForKyrgyzJournalist, #ForKyrgyzMedia деган хэштеглар билан эълон қилинади.

Ахборот кампаниясида Грузия, Украина, Қозоғистон, Молдова, Литва ва бошқа мамлакатлардан журналистлар иштирок этиши кутилмоқда.

Шунингдек, ахборот кампанияси доирасида change.org ва avaaz платформаларида Қирғизистондаги журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш учун имзо тўплаш учун онлайн петиция ишга туширилади.

Акция якунида, 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни олдидан турли мамлакатлардан келган турли оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида онлайн телеконференция ўтказилади.

Маълум қилинишича, ушбу тадбир якунлангач, журналистлар Қирғизистон президентига ОАВ ва журналистларга босимни тўхтатиш, республикада сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари фаолиятини чекловчи қонунчилик ташаббусларини бекор қилишга чақириқ билан мурожаат қилишади.

ОАВга бўлган босим

Қирғизистонда ҳукумат томонидан матбуот ва сўз эркинлигига босимнинг янги тўлқини кузатилмоқда. Суриштирувчи журналист Болот Темировнинг суд қарори билан мамлакатдан чиқариб юборилиши бу масалани яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. ОАВ ҳамжамияти ва ҳуқуқшунослар аллақачон журналистнинг мажбуран чиқариб юборилишини «қўрқинчли таъқиб факти» деб атаган.

Бироқ расмийларнинг таъкидлашича, ҳеч қандай босим йўқ, Қирғизистон ҳар доим қонун устуворлиги тамойилларига содиқ қолиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари мамлакатдаги энг олий қадриятлардан биридир.

Шу билан бирга, расмийлар, экспертларнинг фикрига кўра, мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши давлат қўлида қуролга айланиши мумкин бўлган қонун лойиҳаларини ташаббус қилишда давом этмоқда.

Адвокатлар президент маъмурияти томонидан қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини очиқ цензуранинг жорий этилиши сифатида баҳоламоқда. «Адилет» юридик клиникаси янги ҳужжат давлатга «ОАВ фаолиятини тартибга солиш ва унга аралашиш учун асоссиз кенг имкониятлар» беради, деган хулосага келди. Ҳуқуқшуносларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг ушбу варианти «ҳар қандай демократик жамиятнинг ажралмас қисми бўлган фикр плюрализмига қарши қатъий тақиқларни» белгилашга қаратилган.

«Клооп» қонун лойиҳасини ўрганиб чиқиб, унинг Россиянинг оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги «аждоҳодек» қонуни билан 95 фоизга ўхшашлигига ишонч ҳосил қилди. Аммо шу билан бирга, белгиланган нормалар бўйича Россияникидан ҳам анча қаттиқроқ.

Фуқаролик жамияти ҳам президент маъмурияти ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги янги қонун лойиҳасидан хавотирда. Ҳуқуқшунослар буни ўта хавфли ва фуқаролик жамиятини бостириш, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларига қарши кураш деб ҳисоблайди. Улар ушбу ҳужжат Қирғизистон Конституцияси, халқаро стандартлар ва мажбуриятларига зид эканлигини таъкидламоқда.

Аввалроқ бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам Қирғизистон ҳукуматидан амалдаги «Нотўғри (ёлғон) маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни бекор қилишни сўраган эди. Айнан шу қонун асосида Маданият вазирлиги 14—17-сентябрь кунлари қирғиз-тожик чегарасида юз берган тўқнашувлар ҳақидаги материалда «нотўғри маълумотлар» борлигини кўриб чиқиб, «АзаттиҚ» нашрининг сайтини икки ойга тўсиб қўйиш қарорини чиқарган.

Оммавий ахборот воситалари экспертларига кўра, Азаттиқ веб-сайтининг блокланиши ҳокимият томонидан мустақил ОАВга бўлган босимга мисолдир. Улар ҳукуматдан бундай босимлар давом этади деган хавотирда.