Атазов ва Токторбоевни сўроқ қилиш: Парламент спикери Бош прокурорни парламентга чақирди

263

Парламент спикери Нурлан Шакиев депутатлар Женишбек Токторбоев ва Шайлобек Атазов назорат органида сўроққа олингани бўйича бош прокурор Қурманқул Зулушевни Жогорку Кенешга чақирди.

Парламентнинг 1-декабрдаги йиғинидан Токторбоев ва Атазов норозилигини айтиб, назорат органларининг ҳаракатини конституцияга зид деб аташди.

Шайлообек Атазов ва Женишбек Токторбаев.

Депутат Шайлообек Атазов парламент спикери Нурлан Шакиевга мурожаат қилиб, «уч прокурор депутатларнинг кабинетига келиб, сўроққа чақиргани қонунбузарликми йўқми» фикрини айтишни илтимос қилишди.

«Бугунги куни қонуний мамлакатда яшаяпмиз.Конституциямиз бор, мустақил давлатмиз. Бизга халқ тарафидан кўплаган шикоятлар келиб тушмоқда. Улар прокуратура органларининг қилаётган ишларидан норозилик шикоятлари. Биз кечаги куни шу ерга чиқиб, халқ тарафидан тушган шикоятларни Бош прокуратура кўриб чиқсин деган фикрни айтдик. Уч прокурор бизнинг кабинетга келиб, сўроққа чақириб кетмоқда. Қонун бузилмоқда. Биз давлатчилик учун, давлатнинг сиёсатини қўллаган депутатлармиз. Президентнинг сиёсатини хавфсизлик ва келажак учун қўлламоқдамиз […] Кўп ишлар депутатлар айтиб, кўтариб чиққандан кейингина ечилиши керакмиди? Шуни ўз вақтида бажараверса бўлмасмиди? Мана туни билан прокуратура ишларига норози бўлган норозиликлар пачкалаб тушмоқда. Ўша халқнинг норозилигини бартараф қиламиз деб қайта-қайта тўнтариш бўляптику», — деди Атазов.

Депутат Женишбек Токторбаев эса сўз навбатини олиб президент Садир Жапаровга ҳамда МХДҚнинг бошчиси Қамчибек Ташиевга мурожаат қилди.

«Ҳозирги “пахтакорлар” биз сизларни қамоқда ётганда, сизларнинг совунғингларда музлаб, иссиғингларда куйиб, югуриб юрганда, ҳозирги атрофингларда юрган “пахтакорлар” сизларни судлаган. Судлагангина эмас, ундан бошқа нарсаларни ҳам қилишган», — деди у.

Шундан кейин Токторбаев спикерга ҳам мурожаат қилди.

«Биз нима жиноятчимизми? Мен 11 минг овоз билан келганман. Ортимда халқим бор. Ҳурматли раис, шу масалани албатта кўриб чиқинг. Нотўғри бўлди. Нима [кеча] ҳурматли депутатимиз Шайлообек Атазов иккимиз прокурорга осилдикми? Халқдан тушган шикоятни, халқнинг дардини айттик. Агар айтмасак, шу ерда балиқ депутат бўлиб ўтирсак қандай бўлади?» — деб норози бўлди депутат.

Шунингдек у парламентнинг собиқ депутати Асилбек Жээнбековга қўшиб собиқ президент Сооронбай Жээнбековни ҳам қамоққа олиш кераклигини қўшимча қилди.

«Мен бош прокуроримизнинг Жээнбековлар билан қандай алоқаси борлигини билмайман. Аммо Асилбек Жээнбеков билан Тўрўбай Зулпуқаровни айтган кейин буларнинг бари бошланди […] Асилбек Жээнбеков, Тўрўбай Зулпукаров билан бирга, Сооронбай Жээнбековни ҳам қамаш керак. Атамбаев билан ҳамтовоқ бўлиб юрганда унинг яхшилигини кўриб, нима ёмонлиги бўлганда бошқа тарафда туриши керакми? Ёмонлигини ҳам бирга кўриши керак. Агар шуларни прокуратура ходимлари ҳимоя қиладиган бўлса, у ҳолда менинг ҳам айтадиган гапларим бор», — деди депутат.

Йиғинда депутатларнинг бир қатори ҳам Атазов билан Токторбаевни ҳимоя қилиб сўз олишди. Улар спикердан депутатларнинг сўроққа чақирилишининг қонунийлиги бўйича фикрини айтишини илтимос қилишди.

Депутат Камила Талиева агар прокуратурага маълумот керак бўлса уни депутатларни сўроққа чақирмай уларнинг кабибенита олса бўларди деб ҳисоблайди.

«Ҳақиқатда кеча прецедент юз берди. Биз бош қонун билан яшаган мамлакатмизми? Бош қонуннинг моддаларини ўқиб, қараб қўйишса бўларди [...] Бу прецедент такрорланмаслиги керак. Шунинг учун бунга қонуний ва ҳуқуқий баҳо бериб қўяйлик», — деди депутат.

Депутат Дастан Бекешев эса Бош прокуратура вакилларини парламентга чақириш кераклигини қўшимча қилди.

Депутатларнинг тергов қилиниши

Жогорку Кенешнинг депутатлари Женишбек Токторбаев билан Шайлообек Атазов 30-ноябрда Бош прокуратурада сўроқ беришган.

Назорат органининг маълумотига кўра, депутатлар парламентнинг 30-ноябрдаги йиғинида айтганлари бўйича гувоҳ қатори сўроққа чақирилган.

«Бугун депутатлар прокуратуранинг номига бир қатор танқидлар айтишди. Уларнинг айтганларини текшириш учун судгача тергов бошланди», — деб билдирди у.

Парламентнинг 30-ноябрдаги йиғинида депутат Шайлообек Атазов айрим ҳудудлардаги прокуратура органларида коррупция бор эканини айтган. Ҳамкасбининг айтганларини Женишбек Токторбаев ҳам қўллаган. Шунингдек, у назорат органидаги коррупцияга тўхталиб, «прокуратура тергов функцияларига ўтказилгандан сўнг у йиртқич ҳайвонга айланганини» айтди. Тўкторбоев Бош прокурор Қурманқул Зулушевни парламентга чақиришни таклиф қилди ва «керак бўлса, назорат органи раҳбарининг ҳаракатларини кўриб чиқиш»ни қўшимча қилган.

Қўли узун Бош прокуратура

2021-йилнинг 5-майида янги Конституция қабул қилинганидан кейин Бош прокуратура жиноятларни тергов қилиш ҳуқуқини олди. Шундан сўнг Бош прокуратура томонидан Жиноят ва Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят кодексига ўзгартишларни киргизиб, уларни Асосий қонунга мувофиқлаштириш таклифи киритилган.

2021-йилнинг 1-декабридан бошлаб янги Жиноят Кодекслари кучга кирди, уларга киритилган ўзгартиришларнинг аксарияти Бош прокуратуранинг ўзи томонидан киритилган.

Прокуратура тергов функциясини қайтариб олиш билан ваколат ҳуқуқларини кенгайтириб олгани боис юристларнинг танқидига учраган.

Бундан ташқари, адвокатлар куч тузилмаларини деярли ҳамма нарсага қодир қилиб қўйган янги кодекслардаги ўтмишдаги «даҳшатли ортга қайтишлар»га эътибор қаратдилар. Улар «ишнинг тоталитар усулларига хавфли бурилиш» бўлишидан қўрқишди – ахир, Бош прокуратура 1997 йилдаги кодекслардан Жиноят-процессуал кодекси лойиҳасига коррупция элементларини ўз ичига олган ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси унчалик катта бўлмаган нормаларни киритди.

Юристлар, шунингдек, Бош прокуратурани кодекслар ёпиқ эшиклар ортида ва яширин ишлаб чиқилганини танқид қилди. Ишчи гуруҳнинг 70 фоизини «ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти билан чамбарчас боғланган» хавфсизлик хизмати ходимлари ва давлат идоралари вакиллари ташкил этди. Журналистлар ҳатто «муҳокама қилинаётган масалаларни тўғри тушуна олмаяптилар» деган баҳона билан учрашувларга киришдан ҳам маҳрум қилинди.