Бир видео билан: Атамбаев суд залида кабина ойнагани тепкилай бошлагач, суд залидан чиқарилди

150

1-декабрда Бишкекнинг Биринчи Май туман судига 2010-йили Қирғизистоннинг жанубида бўлган миллатлараро жанжал иши бўйича собиқ президент Алмазбек Атамбаев олиб келинди.

«Мени суддан бўшатиб, судни ўзинглар ўтказаверсанглар. Менга бориб келиш ҳам қийин бўлмоқда. Шу сабабдан илтимосим бор эди, мени бу циркка қатнаштирмай қўя қолинглар, менсиз ҳам ўтказаверинглар. Мен ҳозир энди иложсиз суд тартибини бузаман. Чиқариб юборинглар, майлими?», — деб собиқ президент суд залидаги кабинанинг ойнагини тепкилай бошлади.

Шундан кейин собиқ президентни суд залидан чиқариб кетишди.

Атамбаев ва Муваққат ҳукуматнинг беш аъзоси 2010-йили Қирғизистон жанубида бўлган миллатлараро жанжал иши бўйича лавозимини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.

Алмазбек Атамбаев ҳозирда Молдовановка қишлоғидаги №27 колонияда. Собиқ президент криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиш бўйича 11 йил 2 ойга кесилган.

Бундан ташқари Атамбаев 2019-йили бўлган Қўйтош воқеаси бўйича ҳам судланмоқда. Штурмнинг асносида спецназ бошчисининг ўринбосари Усонбек Ниязбеков ҳалок бўлган. 170дан ортиқ киши турли жароҳатларни олган.