Депутат Айдарбеков: Хорижда тиббий кўрикдан ўтяпман, тез орада Қирғизистонга қайтаман

226

Жогорку Кенеш депутати Чингиз Айдарбеков хорижда тиббий кўрикдан ўтмоқда. Бу ҳақда депутатнинг ўзи Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

Айдарбеков бир неча кун алоқага чиқмаганининг сабабини, соғлиғи бўйича режалаштирилган иш сафари билан тушунтирди.

«Аввал ҳамкасбларим хабар қилганидек, соғлиғим бўйича режали кўрикдан ўтиш учун чет элга кетишим керак эди. Бу орада дафн маросимига Қозоғистонга бориш зарурати туғилди, кейин тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлда давом этдим. Сиз билан боғланиш имконияти туғилиши биланоқ ушбу мурожаатни ёзяпман», — деб ёзади депутат.

У тез орада Қирғизистонга қайтишини қўшимча қилди.

Айдарбековнинг йўқолиши

27-ноябрда депутат Элвира Сурабалдиева Айдарбеков қирғиз-қозоқ чегарасини кесиб ўтмоқчи бўлганида бедарак йўқолгани ҳақида хабар берган. У билан бирга кетаётган Эмил Жамғирчиев мамлакатга чиқиш тақиқи туфайли Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

«Тунда у Жамғирчиев билан (депутат) Қозоғистондаги дўстининг дафн маросимига кетаётган бўлган. Жамғирчиев чегарада қўлга олинган ва суд жараёни давом этаётган вақтда Айдарбеков ғойиб бўлди. Унинг чегарани кесиб ўтганми ёки йўқлиги аниқ эмас. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси унинг ҳибсга олингани ҳақида на тасдиқ ва на раддия бермай, жим турибди», - деди депутат.

Айни пайтда ОАВда Айдарбеков хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган бўлиши мумкин, деган тахминлар пайдо бўлди. Жамғирчиев ва Айдарбеков Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиш ҳақидаги келишувга қарши овоз берган 18 депутатлардан бўлган.

Бироқ ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни кейинроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси рад этиб, Айдарбеков 27 ноябрь куни «Ақжол» назорат-ўтказиш пунктида чегарани кесиб ўтгани ва Қозоғистонда эканини айтди. Хавфсизлик хизмати Айдарбеков ҳеч қандай ҳолатда сўроқ қилинмаганини қўшимча қилган.

28-ноябрь куни депутат Жанар Акаев ҳамкасби ва партиядоши Айдарбеков соғлиғи сабабли вақтинча парламент мажлисларида қатнаша олмаслигини маълум қилган.