Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) халқаро ноҳукумат ташкилоти суриштирувчи Болот Темировнинг Қирғизистондан депортация қилинишига муносабатини билдирди.
Ташкилот Қирғизистон ҳукуматига депортация чорасини бекор қилиб, Темиров ва унинг Temirov Live лойиҳасини таъқиб қилишни тўхтатишни, шунингдек, мустақил матбуот фаолиятига тўсқинлик қилишни бас қилишни сўради.
«Қирғизистон фуқароси ва Марказий Осиёнинг коррупция бўйича энг яхши суриштирувчи журналисти Темировнинг депортацияси ғоят масъулиятсиз ва қасоскор қадам бўлиб, Россия Украина билан урушга сафарбар этаётган бир пайтда унинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин», - деди CPJ’нинг Европа ва Марказий Осиёдаги дастурининг координатори Гулноза Саид.
Темировнинг депортация қилиниши
23-ноябрда Бишкек шаҳар суди суриштирувчи журналист Болот Темировнинг «хужжаиларни сохталаштириш иши» бўйича аппеляция аризасини кўриб чиққан.
Суд мажлисида давлат айбловчиси судга Темировни мамлакатдан чиқариб юбориш таклифини бериб, суд Темировни мамлакатдан чиқариш бўйича янги ҳукм қабул қилган. Ҳуқуқ тартибот органининг ходилари Темировни суд залидан куч қўлланиб олиб чиқиб кетишган.
Аввалроқ Бишкекнинг Свердловск туман суди Темировни гиёҳванд моддаларни сақлаш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айби бўйича оқлаган, бироқ уни ҳарбий гувоҳномани қалбакилаштириш ва шунинг ортидан «ноқонуний» паспорт олганликда айбдор деб топган. Аммо даъво муддати ўтгани учун Темировга нисбатан жазо тайинланмаган.
Темировнинг ўзи сўнгги сўзида ишни «ҳокимият буюртмаси» деб атаган. Шаҳар суди йиғилишида Темировнинг ҳимоячиси жиноят таркиби йўқлиги сабабли журналистни тўлиқ оқлашни талаб қилган.
Суд қарор чиқаргач, журналист суд биносидан мажбуран олиб чиқилиб, номаълум томонга олиб кетилган.
Уч соатдан кўпроқ вақт давомида унинг қаердалиги номаълум бўлган – Темировни на вақтинчалик ҳибсхонадан, на Бишкекдаги махсус ҳибсхоналардан топиб бўлмаган. Темировнинг адвокати Баатир Ботобеков журналистларга изоҳ бериб, у ўз ҳимояси остидаги шахснинг ғойиб бўлишини «зўрлаб йўқолиш» деб ҳисоблайди.
Кечга яқин Ботобеков Темировни қидириб «Манас» халқаро аэропортига келган. Адвокатга аэропортдаги милиция пунктидан журналист у ерда йўқлигини айтишган.
Бироқ соат 20:00 га яқин фуқаро кийимидаги бир неча шахслар, эҳтимол, ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари милиция пунктига кириб, Темировни у ердан олиб чиқиб кетишган ва шошиб, лифт орқали уни кутиш зали томонга олиб кетишган.
Кейинчалик суриштирувчи журналистнинг адвокати Темиров Қирғизистондан Москвага депортация қилинганини билдирди.