Жогорку Кенешдаги иш кабинетидан чиқарилган депутат Ўмурбек Бакировга ҳозирча бошқа хона берилмаган. Бу ҳақда халқ вакили журналистларга маълум қилди.
«Ошхонага тушсам, кабинетга келиб, менинг ашёларимни, қоғоз ва ҳужжатларимни олиб чиқиб кетишибди. Ҳозир менга янги кабинет берилмади. Кўрмадим. Эски хонамга муҳр босиб қўйишибди. Ҳозирча кўчада юрибман. Бугун депутатлар иш бошқармасининг етакчисини чақиришди. Бир қарор қабул қилинар, шошмай турайчи. Менга кабинет муҳим ҳам эмас. Кабинетни катта фожеа қилгим келмайди», - деди Бакиров.
Бакиров 19-ноябрда президентнинг иш бошқармаси унинг Жогорку Кенешнинг еттинчи қаватидаги иш кабинетини тортиб олганини билдирган. Депутат бу 17-ноябрь куни парламентнинг йиғинида МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев билан тортишиб кетгани сабабли бўлиши мумкин деб тахмин қилган. Унинг айтишича, 18-ноябрь куни иш кабинетининг эшигини бузиб кириб, у ердаги барча буюмларини ташқарига олиб чиқиб қўйишган.
Президент иш бошқармасининг хатида «ишни оптималлаштириш ҳамда иш ўринларини тартибга солиш» бўйичау Бакиров №705 хонани бўшатиши айтилган. Шунингдек, яқин орада Бакировга «ўзига муносаби келувчи» хона берилишини айтиб ишонтиришган.
Парламентнинг бир қатор депутатлари Бакировнинг иш хонасидан чиқарилишини — ижро ҳукуматининг Жогорку Кенешга нисбатан хурматсиз муомаласи деб ҳисоблашади.
Парламентнинг 23-ноябрдаги йиғинида депутат Тазабек Икрамов Бакировни кабинетидан чиқариш ҳақидаги хатга қўл қўйган президент иш бошқармасининг раҳбар ўринбосари Элмира Усоновани хизматдан олишни таклиф қилган. Депутатлар Жалалидин Нурбаев ва Адахан Мадумаров ҳам Бакировни қўллаган фикрларини айтишган.
Вице-спикер Нурбек Сидигалиев маълумот олиш учун президент иш бошқармасининг етакчисини йиғинга чақиришни топширган.
Бакиров ва Ташиев
Жогорку Кенешнинг 17-ноябрдаги йиғинида қирғиз-ўзбек чегарасининг участларини делимитациялаш, жумладан Кампиробод бўйича масала кўрилаётганда депутат Ўмурбек Бакиров МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев билан тортишиб кетиб, Ташиев депутатни трибунадан сўккан.
Бакиров Ташиевга Кампирободдаги каналнинг қурилиши бўйича саволларни бериб, Керкидан сув омбори бўйича масалани ҳал қилишда «кўп хатолар қилинганми» деб савол берган. Бакиров билан Ташиев тортишиб, МХДҚнинг бошчиси депутатга: «мен ўтган сафар ҳам сизга шу ҳақда айтганман, ёзиб беринг деганман, аризангизни ёзинг, менинг номимга» деган.
Шундан кейин Бакиров трибунага чиқиб, гап фақат бу ҳақда эмас, ер-сув ҳақида бўлаётганини, «керак бўлса мени пишириб енг» деб айтган.
«Пишириб егани, сиз нима какликмисиз? Ўзинг айтяпсан-ку мени пишириб е деб. Ким сени пишириб ейман деяпти? [...] Нимага мени қўрқитасан? Нимани вақт кўрсатар экан? “Эненди сигейин!”» — деб сўзини якунлаган Ташиев.
Шундан кейин Бакиров Ташиев томонга қараб туша бошлаган. Ўшанда унинг йўлини депутат Фархат Исмаилов тўсиб қолган. Уларни ўраб турган депутатлар ажратган.
Кейинчалик Бакиров Ташиев сўкиниши орқали «оналарни қанчалик ҳурмат қилишини кўрсатди» деб айтган.