Жапаров авария ҳолатидаги мактаблар муаммосини икки-уч йил ичида ҳал қилишга ваъда берди

242

21-ноябрда президент Садир Жапаров Тунгуч кичик туманида 550 ўринли янги мактабни фойдаланишга топширди. Президентнинг айтишича, Бишкекда биринчи марта 5 ой ичида 15 та мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди.

«Буни ҳаддан ташқари мақтаниш деб бўлмайди. Айтмоқчиманки, мактабларимизнинг  таълим соҳасига жиддий эътибор қаратила бошлаганига қурилиши якунланган мактабларимиз яққол далолатдир! [...] Икки йил аввал бутун мамлакат бўйлаб 247 та қишлоқдаги мактаблар яроқсиз эди. Ҳаммасини қуриб тугатиб, ҳозиргина сонини олдим, 80 дан ортиқ мактаб қолибди. Яроқсиз, ўқиш мумкин эмас деган мактаблар. 60—70 йилларда қурилган мактаблар. Худо хоҳласа, яқин икки-уч йил ичида қурилишни тугатиб, мактаб, боғча муаммосини ҳал қиламиз», деб билдирди у.

Қирғизистонда мактаблар билан боғлиқ масала долзарблигича қолмоқда. Биринчидан, ўқувчиларнинг сони жуда кўп - бир партада уч киши ўтирган ҳолатлар мавжуд. Иккинчидан, фойдаланилаётган мактаб биноларининг аксарияти авария ҳолатида.

Бундан уч йил аввал, 2019 йили, ҳукумат ишчи гуруҳи мамлакатдаги авария ҳолатидаги мактаблар сонини ҳисоблаб чиққае – 245. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, уларни бузиб юбориш керак, чунки улар ўқувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдиради, уларнинг ўрнига эса янги бинолар қурилиши керак.

Бироқ мактабларнинг эски бинолари таъмирланмагунча ёки янгилари қурилгунга қадар тезда яроқсиз ҳолга келади. Июлда Ақилбек Жапаров ҳукумат мамлакатдаги таълим соҳасига бир миллиард доллар сармоя киритишга рози бўлувчи инвесторни топишга умид қилаётганини айтган эди.