«Ҳеч ким мажбурламади». Бекназаровнинг ўғли Свердлов туман ҳокими ўринбосарлик хизматидан кетди

266

Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаровнинг ўғли Руслан Бекназаров Бишкекнинг Свердлов тумани ҳокимининг ўринбосари хизматини топширди. Бу ҳақда унинг ўзи Фейсбукдаги саҳифасида билдирди.

«Мен ўз хоҳишим билан истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёздим. Бу менинг шахсий қарорим, ҳеч ким менга кет деб айтмади, ҳеч ким мени [ишдан бўшатиш тўғрисида ариза] ёзишга мажбурламади. Бишкек мэриясига, Свердлов туман ҳокимлигига ва аҳолига миннатдорчилик билдираман. Оз бўлса ҳам, чин юракдан хизмат қилдим», — деб ёзди у.

Руслан Бекназаров сентябрда экстремистик материалларни тарқатишда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Ўшандамилициядан Фейcбукка  мониторинг ўтказиш чоғида Қирғизистонда тақиқланган «Ҳизб ут-Таҳрир ал-Исломий» террорчилик ташкилотининг мафкурасини тарғиб қилувчи материаллар тарқатган аккаунт аниқлангани ҳақида хабар берган.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди Руслан Бекназаровни 2-ноябрда уй қамоғига чиқарган. Суднинг қарорига кўра, у 2022 йилнинг 12-декабрига қадар уй қамоғида бўлади.

Бу орада Руслан Бекназаровнинг отаси Азимбек Бекназаров «оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўриш» иши бўйича хамон Бишкекдаги ТИЗО-1да қамоқда ўтиради. У Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитасининг бошқа аъзолари каби сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилгандан кйин ҳибсга олинган.

Бекназаров президент Садир Жапаровни танқид қилгани учун Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси лавозимидан четлаштирилди.

Жапаровнинг фармонида айтилишича, Бекназаров «ўз олдига қўйилган ташқи сиёсий вазифалар, жумладан, Қирғизистон ва Малайзия ўртасидаги сиёсий мулоқотни кучайтириш бўйича вазифаларни бажара олмаган».

Сиёсатчининг ўзи «Қумтор» масаласида ҳокимиятни танқид қилгани учун элчи лавозимидан четлаштирилганини билдирган.