Президент давлат идоралари Майлу-Сув заводининг лампаларини сотиб олиши кераклигини билдирди

169

Президент Садир Жапаров Жалолобод вилоятидаги Майлу-Сув лампа заводини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги фармойишни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Жапаров Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда давлат органлари ва бюджет ташкилотларига Майлу-Сув лампа заводидан товарлар харид қилиш бўйича талабларни белгилашни топширди. Устав капиталидаги давлат улуши 50 ва ундан ортиқ фоизни ташкил этувчи давлат ҳамда муниципал корхоналар, акциядорлик жамиятлари, шу жумладан, уларнинг шўба корхоналарига ҳам ушбу заводдан маҳсулот сотиб олиш тавсия этилади.

Майлу-Сувдаги лампалар заводи 1967 йилда ишга туширилган. 1974 йили завод бир йил ичида 1 миллиард дона лампочка ишлаб чиқарган.

2003-йили ишхона рус тадбиркорларига 3,6 млн долларга сотилган. Заводнинг қарзи йилдан йилга ўсгани боис 2009-йили банкрот деб эълон қилинган.

Шундан кейин «Майлу-Сув лампа заводи» МЧЖси ташкил этилган. Шундан бери ишлаб чиқаришни Қирғиз Республикасининг ҳукуматига қарашли Давлат мулкини бошқариш фондининг Банкрот ишлари бўйича департаменти тарафидан тайинланган администратор бошқариб келади.

2020-йили завод қайтадан банкротга учрагани ва у «Кыргызнефтегаз»нинг бошқарувига ўтгани хабар қилинган. 2022-йилнинг бошида ишхонага президентнинг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили Абсаттар Сиргабаев борган ва Майлу-Сув лампочка заводини тиклаш нияти бор эканини билдирган.