Миллий энергохолдинг мамлакта бўйича электр энергиясининг ўчирилиш сабабини айтди

206

Қирғизистоннинг энергетика тизими кескин совуқ туфайли юкланишга бардош бера олмай, бутун мамлакат бўйлаб истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришда узилишлар қайд этилди. Бу ҳақда 10 ноябрда Миллий энергохолдингнинг матбуот хизмати хабар берди.

Kaktus.media нашрининг Бишкек аҳолисига таяниб ёзишича, 9 ноябрдан буён узилишлар ва ўчиришлар қайд этилган, айрим ҳудудларда ҳамон электр таъминоти йўқ.

Таъкидланишича, кескин совиш туфайли электр энергияси истеъмоли сезиларли даражада ошган.

«Электр қурилмаларидаги юкланишнинг ортиши муносабати билан ускунани юзага келиши мумкин бўлган авариядан қутқариш мақсадида автоматик ўчиришлар амалга оширилди [...] Ҳозирда энергия тизимидаги вазият барқарорлаштирилди», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Миллий энергохолдинг қирғиз халқини электр энергиясини тежамкорлик билан ишлатишга, энг юқори соатларда энергияни кўп сарфлайдиган ускуналарни ёқмасликка ва иситишнинг муқобил турларига ўтишга чақирди.

Миллий энергетика холдингининг бундай чақируви биринчи марта эмас. Компания жорий йилнинг октябрь ойи бошида электр энергиясини эҳтиёткорлик билан сарфлашни сўради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон 2022 йил охирида электр қуввати тақчиллиги ва ўчирилиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Бироқ расмийлар электр энергияси импорти ошганига ишора қилиб, ҳеч қандай узилишлар бўлмаслигига ишонтирмоқда.