«Акамни калтаклашган». Қирғизистонда 18 ёшли чегарачи ҳалок бўлди

175

9 ноябрда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматининг ҳарбий қисмида 18 ёшли аскар Айжигит Таалайбек ўғли ҳалок бўлди. Чегара хизматининг маълум қилишича, эрталаб аскар юқори ҳарорат ва томоқ оғриғидан шикоят қилиб, тушдан кейин эса у вафот этган.

Йигитнинг оиласи аскар калтакланганини даъво қилмоқда. Яқинлари Таалайбек ўғлининг хизмат ўтай бошлаганига эндигина бир ой ўтганини, бунга қадар «соғлиғи мустаҳкам» бўлганини айтмоқда.

Чегара хизматидан нима дейишди?

Чегара хизматидан хабар берилишича, Таалайбек ўғли эрталаб соат 5:45 да ҳарбий қисмнинг тиббиёт пунктига тана ҳарорати кўтарилиб, тамоғи оғриётганини айтиб, мурожаат қилган. У соғлиғини назорат қилиш мақсадида ҳарбий қисмнинг тиббий госпиталига ётқизилган

«Соат 15.00 атрофида А.Т. ўғлининг соғлиғи кескин ёмонлашиб, ошқозонидан қон кета бошлаган. Тез ёрдам бригадаси келган вақтда аскарнинг вафот этгани аниқланган», — деб билдиришди Чегара хизматидан.

Шунингдек, ҳозирда мазкур факт бўйича тегишли идораларга маълумот берилиб, воқеанинг сабабларини аниқлаш бўйича текширув ишлари бошланган.

Муассасанинг қўшимча қилишича, ҳарбийнинг ўлимини холис ўрганиш учун Ҳарбий прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг вакиллари иштирокида экспертиза ўтказилган. Отопси натижалари Бишкекка юборилган.

 Вафот этган ҳарбийларнинг яқинлари нима дейди?

«Турмуш» нашри марҳумнинг амакиваччасига таяниб, аскар Боткен вилоятининг Айдаркен шаҳридаги ҳарбий қисмда хизмат қилганини ёзган.

«Менинг амакиваччам бир ой олдин ватанга хизмат қилиш учун кетган эди. Унинг бўйи 180 см дан баланда ва соғлиғи яхши эди. Кеча, 9 ноябрь куни соат 15:00 да унинг ота-онасига ўғлининг «касаллиги» ҳақида хабар берилган. Қариндошларимиз у ерга етиб келганида, у вафот этган экан. Унинг оғзи ёпишқоқ лента билан ёпиштирилган. Уни олиб ташлашганда, у ердан қон оққан. Бутун танаси ва боши жароҳатланган. Ҳарбий қисмда қариндошларига «болага битта укол қилинган» дейишган. Мен қанақа укол эканини билмайман. Бир ой олдин у яхши эди. У калтакланган. Икки кун олдин ота-онаси билан гаплашганида, уларни икки кундан кейин бошқа бўлимга ўтказишларини айтди», — деган у.

Ҳалок бўлган муддатли ҳарбий хизматчининг жасади Ўш вилоятининг Тош-Ариқ қишлоғига олиб келинган. У 10 ноябрь куни дафн этилади.

Армиядаги зўравонликлар

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қирғизистон армиясида инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинмагани, у ерда ҳамон жанжал ва зўравонлик авж олаётганини қайд этади. Қолаверса, аскарлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам тез-тез учраб туради.

«Қилим шами» инсон ҳуқуқи ташкилоти раҳбари Гулшайир Абдирасулованинг фикрича, ёпиқ муассасаларда фуқаролик ва ота-оналар назорати кучайтирилсагина армиядаги ўлим даражаси камаяди. У давлат ҳар бир ҳарбий хизматчи учун масъул эканини таъкидлайди.

“Озодлик”нинг қирғиз хизматининг маълумотига кўра, 2019-йилда  13 нафар ҳарбий хизматчининг ўлими ўз жонига қасд қилиш деб аталган бўлса, 2018-йилда 17 нафар ҳарбий хизматчи ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган. Аммо қурбонларнинг яқинлари деярли барча ҳолатларда улар ўз жонига қасд қилишлари мумкин эмаслигини айтишган.

Бундай шов-шувли ҳолат охирги марта июль ойининг охирида Молдовановка қишлоғида 27-сонли ахлоқ тузатиш муассасасида содир бўлган. Ўша вақтда аскар Калис Абдикабиловнинг ўлими ҳақида маълум бўлган. Маълумотга кўра, аскар ўзини ўзи отган. Аммо марҳумнинг яқинлари ўз жонига қасд қилиш бўйича версияга ишонмайди.

17-августда эса Ўш шаҳридаги Ички ишлар вазирлигининг 703-ҳарбий қисмда хизмат ўтаган ҳарбий вафот этган. Воқеа бўлган куни эрта билан текшириб-ўтказиш пунктида турган аскар «йиқилиб тушиб», шу бўйи турмай қолгани айтилган.

Суд-тиббий экспертизанинг етакчиси Қиличбек Насировнинг айтишича, марҳумнинг танасида зўравонлик белгилари бўлмаган. Аскар юрак касаллигидан вафот этгани ва тўлиқ тадқиқнинг натижаси бир ойнинг ичида чиқиши хабар қилинган.

Июль оийда эса Қўйтош қишлоғидаги ҳарбий қисмнинг бир аскари ўқдан вафот этган. Мудофаа вазирлиги ҳарбий қурол қўлланишдаги эҳтиётсизлик натижасида тасодифан ўқ чиқариб олганини айтган.

Ўша ойда Фавқулодда вазиятлар вазирлигида муддатли хизмат ўтаётган аскар Бекзат Эсенбеков қаттиқ калтакланиб, касалхонага тушган. Аскарнинг онаси ўғли ҳарбий қисмда пул сабаб калтакланганини билдирган.

Биринчи май туман суди 8-августда Эсенбековнинг қаттиқ калтакланиши бўйича жиноят ишини тўхтатган. Суднинг маълумотига кўра, томонлар ярашган.

Омбудсман Атир Абдрахматованинг ташаббуси билан ҳарбий хизматини ўташда инсон ҳақларининг сақланиши бўйича муассасалар аро ишчи гуруҳ тузилган.

Ишчи гуруҳ охирги 5 йил ичида қайд этилган аскарларнинг злими, ўз жонига қасд қилиш, калтакланиши бўйича фактларни тўплаб, тадқиқ ўтказади.