Қирғизистон ва Ўзбекистон ТИВ етакчилари Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш бўйича битимни имзолади

257

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов қирғизистонлик ҳамкасби Жээнбек Кулубаев билан 3 ноябрь куни Бишкекда. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 3-ноябрда Бишкекка келди, у билан Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Жээнбек Кулубаев учрашди. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Қирғизистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари икки давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни имзолашган.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг галдаги давраси доирасида сув хўжалиги масалалари бўйича ҳамкорликка оид битим, Марказий Осиё халқаро институти ва Қирғизистон ТИВ ҳузуридаги Дипломатик академия ўртасида ҳамкорлик шартномаси ҳамда “Ўзархив” агентлиги ва Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланган.

Қирғизистон ТИВ маълумотига кўра, вазирлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга бўлажак ташрифига ҳозирлик масалалари ҳам муҳокама қилишган. Айни пайтда ташриф санаси очиқланган эмас.

Владимир Норов Бишкекда Қирғизистон президенти Садир Жапаров қабулида ҳам бўлган.

Қирғизистон парламентининг халқаро алоқалар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция масалалари бўйича қўмитаси 31 октябрь куни Кампиробод сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни маъқуллаган.

Ҳужжатга мувофиқ, мазкур сув омборидаги сув захираларини икки мамлакат вакилларидан тузилган қўшма комиссия бошқаради. 24 кишидан иборат комиссия таркибига Ўзбекистондан ҳам, Қирғизистондан ҳам 12 нафардан вакил киритилади. Ўзбекистон томонидан уни сув хўжалиги вазири, Қирғизистон томонидан эса Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги Сув ресурслари хизмати директори бошқаради.

Қирғиз парламентининг юқорида номи зикр этилган қўмитаси 10 октябрь куни Ўзбекистон билан чегарадаги айрим участкалар делимитациясига оид шартнома лойиҳасини кўриб чиқиб, кўпчилик овоз билан маъқуллаган. Ўшанда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев шартномага мувофиқ, Кампиробод сув омбори жойлашган 4 минг 485 гектар ер Ўзбекистонга ўтиши, Қирғизистон эса Ўш ва Жалолобод вилоятларида 18 минг гектардан кўпроқ ер олаётганини маълум қилган. Ташиевга кўра, эришилган келишувлар натижасида Қирғизистон харитаси 15 минг 805 гектарга кенгаймоқда.