Оммавий равишда ҳибсга олинган сиёсатчилар ва фаолларнинг яқинлари 27 октябрь куни матбуот анжумани ўтказди. Улар президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, ишни ўз назоратга олишни талаб қилишди.
Фаол Али Шабданнинг рафиқаси Нурайим Сидигалиева эри нима учун ҳибсга олинганини ҳалигача тушунмаслигини айтиб, унга қўйилган айбловлар асоссиз эканини таъкидлади.
«Қачондан буён давлатнинг ер ва бойликларини сақлаб қолишга уриниш оғир жиноятга айланди? Нега бунинг учун ҳибсга олиш керак? Суд унинг уйда ягона боқувчи эканлигини ҳам ҳисобга олмади. Нега уни ҳеч бўлмаганда уй қамоғига ўтказмади?» — деб савол берди у.
Сиёсатчи Равшан Жээнбековнинг ўғли Азат Равшанов сўнгги кунларда қонун қўпол равишда бузилганини айтди.
«Менинг дадам сиёсатда кўп йилдан буён юради, дадам қамоққа тайёр. Оиласи, яқинлари ҳам тайёрмиз. Майли менинг отам Кампиробод учун қамалсин, аммо беш нафар аёлни чиқаринглар! Қонунни бузманглар!» — деди у.
Равшанов давлат раҳбари Садир Жапаровга мурожаат қилиб «тартибсизликларни тўхтатишга ва қамоққа олинганларга адолат қилишга» чақирди.
«Жаноб Жапаров, балки сиз буни кўрарсиз. Мен сизга бир савол бермоқчиман, сиз келажак авлодга қандай Қирғизистонни қолдирмоқчисиз? Кампиробод биланми ёки Кампирободсизми? Бирлашган Қирғизистонними ёки бўлинган Қирғизистонними? Вақт тез ўтади, сизнинг ҳукуматингиз ҳам ўтади. Шунда сизни қандай президент деб эслайлик?» — дея савол берди у.
Фаол Рита Карасартованинг қизи Касиет Мамирбаева Кампирободни муҳофаза қилиш қўмитасининг иши давом этишини билдирди.
«Биз эркинликни севган халқмиз. Шунинг учун қанча қўрқитсанглар ҳам биз кучли бўлаверамиз, ишимизни давом эттирамиз. Кампиробод сув омбори Қирғизистонда қолсин деган талаб қолади. 36-39-42- протокол матни ошкор этилиши лозим. Ҳукумат сиёсий таъқибни тўхтатиб, мулоқотга келиб, куч қўлламай халқ билан гаплашсин»,— деди у.
Фаол ва сиёсатчиларнинг ҳибсга олиниши
ИИВ «Оммавий тартибсизликни уюштиришга тайёргарлик кўриш»да гумонлаб, 20дан ортиқ фаол ва сиёсатчиларни ҳибсга олиб, уйини тинтув қилди. Суд уларни икки ойга қамоққа олди.
Ҳибсга олинганларнинг ҳаммаси аввалроқ Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтишига қарши чиқиб, ҳукуматни танқид қилган.
24 октябрь куни уларнинг озод этилиши ва сиёсий таъқибларни тўхтатишни талаб қилиб, Ўш ва Бишкек шаҳарларида фуқаролик фаоллари тинч намойишларга чиқишди. Шу билан бирга Ўзган шаҳрида 300 га яқин киши митинг ташкил қилиб, уларнинг ҳибсга олинишини қўллаб-қувватлаб, «ҳокимиятга ишониш»га чақирган.
Оммавий ҳибсга олинганларнинг деярлик ҳаммаси икки ойга қамоққа олинди. Фуқаролик жамияти ҳокимиятдан сиёсий таъқибларни тўхтатишни талаб қилмоқда.