Сокулук: 15 ёшдаги қизни турмушга берган қудалар жазога тортилди

313
Иллюстратив сурат.

Чуй вилоятининг Сокулук туманида 15 ёшли қиз билан 17 ёшли йигитни уйлантирган ота-оналар бир ярим йиллик пробация муддатга ҳукм қилинди. Бу ҳақда Суд актлари порталида маълум қилинди.

Ота-оналар «Диний маросимларни ўтказишда никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» моддаси бўйича айбдор деб топилди. Судга Сокулук тумани болаларни ҳимоя қилиш бўлими ижтимоий ходимлари мурожаат қилди.

Қизнинг отасининг сўзларига кўра, қизи 9-синфни битиргач, йигитнинг отаси унинг қўлини сўраган. Кейин, 2021 йил август ойида улар Сокулук бир қишлоғидаги масжидга даъватга келган нотаниш кишини таклиф қилиб, никоҳ ўқитишган. 2022 йилда ёшлар фарзандли бўлишди.

Қизнинг ота-онаси судда ўз айбларига тўлиқ иқрор бўлди.

«Қизим куёв болам билан гаплашиб юрган экан. Ўшанда вояга етмаганлар никоҳи тақиқланганини билардим. Лекин қизим турмушга чиқишга қарши эмасди», — дейди отаси.

Йигитнинг отаси ўғлининг уйланишига эътироз билдирмаган, совчиликка ўзи борганини тан олган.

Сокулук туман суди уч айбланувчини айбдор деб топиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилди. Аммо айбланувчилар айбига тўлиқ иқрор бўлганлиги сабабли суд уларга 1 йилу 6 ой синов муддати белгилаб, қамоқ жазосини ўташдан озод қилди.

Жиноят кодексига 2016 йилда вояга етмаганлар билан никоҳ қуриш ва диний маросимларни тақиқловчи янги модда киритилди.

Мутахассисларнинг фикрича, шундан бери расмий статистика вояга етмаганлар билан турмуш қуришлар камайганини кўрсатсада, ҳақиқат бошқача деб ҳисоблашади.