БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармасининг матбуот котиби Лиз Тросселлнинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилиб, ҳибсга олинган фаоллар ва сиёсатчиларнинг ишини адолатли кўриб чиқишни таъминлаши зарур. Бу ҳақда 26-октябрда ташкилотнинг матбуот хизмати хабар берди.
Ҳибсга олинганларнинг барчаси оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўришда гумон қилинмоқда.
Тросселлнинг қайд этишича, маҳбусларга қўйилган айбловлар Кампиробод ҳақидаги баёнотлар билан кенг боғланган.
«Биз ҳукуматни [ушланганларни] тегишли жараён кафолати билан таъминлашга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ адолатли судловни [ўтказишга], шу жумладан, судьяга тезкорлик билан тақдим этиш ва уларнинг ҳибсга олинишининг қонунийлигига эътироз билдириш имкониятини беришга чақирамиз», — дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, БМТ ҳибсга олинганларнинг айби ҳали исботланмаганини, шунинг учун ҳибсга олиш истисно чора бўлиши ва халқаро стандартларга мувофиқ қўлланилиши кераклигини эслатди.
«Одамларнинг сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқи, шунингдек, жамият ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқи ҳурмат қилиниши керак. Кампиробож сув омборига келсак, маҳаллий аҳоли билан самарали маслаҳатлашувлар ўтказиш зарур», — дейди БМТ бошқармаси.
Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг ҳибсга олиниши
Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган сиёсатчилар ва фаолларнинг уйида тинтув ўтказиш ва уларни ҳибсга олиш 23-октябр куни юз берди. Ички ишлар вазирлиги 20 нафардан ортиқ сиёсатчи ва фаоллар «оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганлик»да гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди.
Омбудсман институти раҳбари Атир Абдрахматованинг айтишича, тинтувлар давомида милиция бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйган: масалан, қўлга олинганларни қўрқитиб, яқин қариндошларининг мол-мулкини тортиб олган ва уларни повесткасиз терговга чақирган.
Кейинроқ суд 21 нафар маҳбусни Бишкекдаги 1-СИЗОга жойлаштирди.
Суд фаол Талант Эшалиевни соғлиғи сабабли уй қамоғига чиқарган. Маълум қилинишича, у судга инфарктгача бўлган ҳолатда олиб келинган, сўнгра касал бўлиб қолгани сабабли қайтиб шифохонага олиб кетилган.
Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўз айбларини тан олмаганликларини айтиб, босим ҳақида гапиришган.
Йигирмадан ортиқ фаол ва сиёсатчининг ҳибсга олиниши аллақачон бир қатор депутатлар томонидан қораланган ва Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистон расмийларини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси ҳам Қирғизистон ҳукуматини барча маҳбуслар устидан адолатли суд жараёнини таъминлашга чақирди.