Ўшда Кампиробод ва унга алоқадорликда қўлга олинганларни ҳимоя қилиш акцияси ўтказилди

302

24 октябрь куни Ўш шаҳрининг марказий майдонида сиёсий таъқиблар ва Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши митинг бўлиб ўтди. Унда ўндан ортиқ маҳаллий фаоллар иштирок этди.

Акция бошида номаълум шахс фаолнинг плакатларини қўлидан тортиб олиб кетди. Фаоллар  талабларини яна плакатларга ёзиб, тинчлик митингини давом эттирдилар.

Ўш шаҳрининг марказий майдонидаги митинг иштирокчилари. Сурат: Бакай Алмаз

Митингда иштирок этган ҳуқуқ ҳимоячиси Гулгаки Мамасалиева Кампирободни ҳимоя қилганларнинг ҳибсга олинишини «қўпол қонун бузилиши ва сўз эркинлигига ҳужум» деб атади. Шунингдек, у Кампиробод сув омборининг қўшни давлатга ўтказилишига қарши эканини таъкидлади.

«Кечагидек 20 дан ортиқ фаолнинг ҳибсга олиниши Қирғизистон тарихида ҳеч қачон бўлмаган. Уларнинг жиноятчи сифатида уйларини тинтув қилиб, олиб кетгани – қонунни қўпол равишда бузиш. Бу ишда президент, МХДҚ раиси Камчибек Ташиев ва бош прокурор Зулушев [Курманкул] ҳам турибди. Кечаги кунни "қора бозор куни" деб аташ мумкин ва у 1937 йилдагидек бўлиб қолди. Бунга йўл қўймаслигимиз керак. Қирғизистонда демократияни сақлаб қолишимиз керак», — деди у.

Маҳаллий фаол Нурмуҳаммед Аташбаев «чегара масаласини ҳал қилишда кўплаб қонунбузарликлар қайд этилган» деди.

«Давлатнинг пойдевори — ерда. Албатта, чегара масалаларини давлат ва парламент ўз тартиб-қоидалари билан ҳал қилиши керак, аммо бугунги кунда қонун бузилиш ҳолатлари кўп. Чингиз Айдарбековнинг ўзи “сизлар ҳужжатларни тўлиқ кўрсатмай туриб, имзо қўйишни сўраяпсиз” деди, демак  ноқонуний кетмоқда. Иккинчидан, давлат раҳбари [Кампиробод бўйича] гоҳида “биз 99% ютдик” деса, гоҳида “у ер берилган, энди қайтариб оляпмиз”, дейди. Бундай вазиятда ишонч бўладими? Мамлакат манфаати йўлида бошқача фикр билдиргани учун ҳибсга олгани бизни  хавотирга солмоқда. Бу сиёсий таъқиб», —деди у.

Намойишчилар бир овоздан сўз эркинлигига босим ва сиёсий таъқибларни тўхтатишни талаб қилишди.

Бугун, 24-октябрь куни Ўш, Бишкек, Жалолобод, Ўзган шаҳарлари ва Қизил-Октябр қишлоғида митинглар бўлиб ўтди. Пойтахт, Қизил-Октябр ва Ўшда бўлиб ўтган митингларда ҳокимиятнинг хатти-ҳаракатлари кескин танқид қилинган бўлса, қолган икки шаҳардаги митингларда аксинча, ҳокимиятни қўллаб-қувватлашга чақиришди.

23 октябрь куни ИИВ 20 дан ортиқ сиёсатчи ва фаолларнинг уйларида тинтув ўтказиб, уларни ҳибсга олди. Ҳибсга олинганларнинг барчаси аввалроқ Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиқиб, расмийларни танқид қилган. Бундан ташқари, қўлга олинганларнинг баъзилари— 22 октябрда тузилган Кампиробод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси аъзоларидир.

Фуқаролик назорати қўмитаси ҳукуматни Кампиробод сув ҳавзасини берилишига қарши фикр билдирган фаолларга нисбатан репрессияларни тўхтатишга чақирди.