Ўзганда Кампиробод масаласи билан боғлиқ ҳукуматни қўллаб-қувватлаш митинги бўлиб ўтди

270
Сурат: Kloop

Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида Кампиробод масаласи билан боғлиқ ҳукумат тарафдорлари митинги бўлиб ўтди. Унда тахминан 300 нафарга яқин киши қатнашди.

Иштирокчилардан бири президент Садир Жапаров Ўзган туманида халқ билан учрашувда Кампиробод ҳақида «ҳамма нарсани тушунтириб берган»ини айтди. Шунинг учун у ҳукумат позициясини қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Тинчлик бўлса, юрт ривожланади. Уруш бўлаверса у ерда ҳеч қачон мамлакат ҳам ривожланмайди, халқ ҳам ривожланмайди, ҳаёт ёмонлашади. Шунинг учун қирғиз халқига тинчлик керак», — деди намойишчилардан бири.

Йиғилганлар бир овоздан «бизга тинчлик керак» деб,  «ҳукуматни қўллаб-қувватлашга» чақирди. Шунингдек, улар 23 октябрь куни сиёсатчилар ва фаолларнинг ҳибсга олинишини «тўғри» деб билишларини айтишди.

Шу каби ҳукуматни қўлловчи митинги Жалолобод шаҳридаги Барпи театри олдида ҳам бўлиб ўтди. Унда ўнлаб одамлар қатнашиб, «ҳукуматга ишониш»га чақиришди.

Шу билан бирга, Ўзганнинг Қизил-Октябр қишлоғида, Ўш ва Бишкек шаҳарларида Кампиробод ва унга алоқадорликда қўлга олинганларни ҳимоя қилган акциялар ўтди.

Қизил-Октябр қишлоғидаги тинчлик митинги иштирокчиларидан бири ҳукумат тарафдорлари митингига «давлат хизматчиларини мажбурлаб олиб борган»ини айтди.

23 октябрь куни ИИВ 20 дан ортиқ сиёсатчи ва фаолларнинг уйларида тинтув ўтказиб, уларни ҳибсга олган. Ҳибсга олинганларнинг барчаси аввалроқ Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиқиб, ҳукуматни танқид қилган. Бундан ташқари, қўлга олинганларнинг баъзилари — 22 октябрда тузилган Кампиробод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси аъзоларидир.

Фуқаролик назорати қўмитаси ҳукуматни Кампиробод сув омборини топширишга қарши чиққан фаолларга нисбатан репрессияларни тўхтатишга чақирди.