Депутат Самийкожо: Инсон эркинлигини қамоққа олишни қирғиз яхши кўрмайди

277

Жогорку Кенеш депутати Мирлан Самийкожо 23 октябрь куни ҳибсга олинган фаоллар билан сиёсатчиларни озод қилишни сўради. Ўзининг видеомурожаатини Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилди.

«Ёш фаоллар, айрим сиёсатчилар, фуқаролик жамиятида ўз фикрини билдираётганларнинг уйларида тинтув ўтказилиши ва ҳибсга олиниши  — ҳар бир инсоннинг фикри, ҳуқуқлари, сўз эркинлиги қамоққа олинганидан дарак берадими? Уларни қамоққа олиш, уларга таҳдид қилиш билан муаммо ҳал бўладими? Агар улар жамиятга шундай таҳдид, давлатга тартибсизлик бўлса ёки нотўғри йўналиш ёки мақсадни кўзлаётган бўлса, уларнинг қилмишларини ошкор айтиб, халққа солса бўлмасмиди?» — деб сўради депутат.

Конституцияга кўра, ҳар бир шахс ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга, деди депутат.

«Одамнинг фикри, эркинлигини ҳибсга олишни, айниқса бизнинг қирғизлар ёқтирмайди. Шунинг учун бугун содир бўлган воқеа яхши эмас. Бу одамларнинг фикрини безовта қилади. “Ҳаммани четда қамайверадими? Индамасдан, қўрқиб ўтиришимиз керакми?” — деган фикрлар ўз-ўзидан пайдо бўлади. [...] Биз қонуний мамлакатда яшаймиз. Сизлар етти ўлчаб бир кесиб, қонунга бундай йўл билан эмас, балки музокаралар йўли билан боришни таклиф қиламан. Фикримизни, ҳақ-ҳуқуқимизни, сўз эркинимизни қаматмайлик, эркин ҳаётимизни темир панжара ортига қулфламайлик. Бундай давлатнинг келажаги яхши бўлмайди», —деди Самийкожо.

Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилганларнинг ҳибсга олиниши

Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиб бераётгани учун ҳукуматни танқид қилган фаоллар ва сиёсатчилар 23 октябрь куни уйларида тинтув қилиниб, ҳибсга олинди. Ҳибсга олинганларнинг бир қисми 22 октябрда тузилган Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитаси аъзоларидир.

Тинтув ва ҳибсга олишлар бўйича  Жогорку Кенеш депутатлари Исхак Масалиев, Тазабек Икрамов, Дастан Бекешев ва Жанар Акаев фикр билдиришди. Халқ вакиллари ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини танқид остига олди.

Икрамов ҳуқуқ-тартибот идораларининг хатти-ҳаракатлари демократиянинг асосий қадриятларига зид эканини таъкидласа, Масалиев эса фуқаролардан тартибсизликни тўхтатишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

«Эртага фикримизни билдирамиз десангиз, сизларга ҳам етиб келишади», — деб ёзган у. Бекешев фаоллар билан сиёсатчиларга қарши жиноят ишларини «бўлмаган нарса» деб атади ва Қирғизистон «авторитаризмга бориб қолган»ини қўшимча қилди. Акаев эса фаоллар билан сиёсатчиларнинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб ҳисоблайди. У Конституцияга кўра, ҳар бир Қирғизистон фуқароси ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади.