Омурбек Текебаев: Фаолларни қўрқитиш ва қамоққа олиш яхшиликка олиб келмайди

261

Қирғизистоннинг Германиядаги элчиси Омурбек Текебаев Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан фаоллар ва сиёсатчиларнинг ҳибсга олиниши бўйича фикр билдирди.

Унинг айтишича, Қирғизистон Европада мустақил халқи, эркин, фаол фуқаролик жамияти,  ғурурли фуқаролари бор деб танилган ўлка. Сиёсатчи бу қирғизистонликлар учун осон бўлмаган миллий бойлик эканини таъкидлади.

«Мисқоллаб тўплаганимизни [обрў-эътиборимизни] беҳуда совуриб, Қирғизистоннинг мана шу бойлигини, минтақа ва жаҳондаги обрў-эътиборимизни бузиш яхши эмас. Ўйлаб қарасам, Қирғизистоннинг иккита асосий бойлиги бор: биринчиси — мустақиллиги, иккинчиси —Қирғизистоннинг Евроосиё қитъасидаги географик жойлашуви. [...] Мана бугун халқимиз ана шу миллий бойлик, миллий манфаатимизни асраб-авайлаб, унинг тақдири ҳақида қайғурмоқда. Бу бизнинг ҳар биримизга Конституциямиз томонидан берилган ҳуқуқдир. Бу нафақат бизнинг ҳуқуқимиз, балки бурчимиздир. Бу ҳуқуқнинг бажарилишини нафақат давлат тан олиши ва ҳурмат қилиши, балки уни ҳар бир киши учун таъминлаши керак. Мен қўрқитиш, ҳибсга олиш ва мажбурлаш нотўғри йўл, деб ҳисоблайман. Бу яхшиликка олиб келмайди, боши берк кўчага олиб келади. Буни бизнинг ўтган 30 йиллик тарихимиз ҳам кўрсатди», — деди у.

Текебаев «агар кимлардир можаро йўли билан ўқотар қурол ва портловчи моддалар қўллаш орқали тартибсизликлар чиқариб, ҳокимиятни эгаллаб олиш ниятида бўлса, улар қонун олдида жавоб бериши кераклигини» айтди.

«Ўйлайманки, бугун расмийлар ўйлаб, қўлга олинганларни бугун ёки эртага уйларига қўйиб юборишади. Қўзғатилган иш эса янада пухта, синчковлик билан ва холисона текширилаверсин. Суд адолатли қарор чиқарсин. Айбдорлар жазосини олсин. Шундагина халқ ишонади, шундагина халқ хотиржам бўлади», — дея сўзини якунлади элчи.

Аввалроқ ИИВ бир қатор сиёсатчилар ва фаолларни икки суткага ҳибсга олган эди.

Вазирлик «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берди. Ушбу иш юзасидан 23 октябрь куни мазкур ишда фигурант дейилган фаоллар ва айрим сиёсатчиларнинг уйида тинтув ўтказилган.

«Тергов жараёнида айрим шахсларнинг оммавий тартибсизликлар уюштиришга, кейин эса ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб олиш ҳолатларига алоқадорлиги ҳақида далиллар олинди», —дея хабар берилди вазирликдан.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси аввалроқ Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши бўлиб, расмийларни танқид қилган. Бундан ташқари, қўлга олинганларнинг бир қисми 22 октябрда тузилган Кампиробод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси аъзоларидир.

Фуқаролик назорати қўмитаси ҳукуматни Кампиробод сув омборини берилишига қарши чиққан фаолларга нисбатан репрессияларни тўхтатишга чақирди.