Ички ишлар вазирлиги бир қатор сиёсатчилар ва фаолларни икки кунга тергов изоляторига қамади. Ҳибсга олинганлар рўйхатини ҳуқуқ ҳимоячиси Эркина Мукаш эълон қилди.
Унинг маълум қилишича, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига қуйидагилар киритилган:
- Равшан Жээнбеков сиёсатчи;
- собиқ депутат Асия Сасиқбаева;
- ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова;
- фаол Али Шабдан;
- фаол Таалай Мадеминов;
- фаол Улуғбек Маматев;
- фаол Перизат Суранова;
- фаол Жениш Молдокматов;
- фаол Эрлан Бекчороев;
- ҳуқуқ ҳимоячиси Клара Сооронқулова;
- фаол Перизат Суранова.
Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги «Оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берган эди. Бу иш доирасида, 23-октябрда мазкур иш бўйича айбланувчи фаоллар ва сиёсатчиларнинг уйларида тинтувлар ўтказилган.
«Махсус тергов ҳаракатлари давомида шахсларнинг оммавий тартибсизликлар уюштириш ва тайёрлашга алоқадорлиги, кейинчалик ҳокимиятни ноқонуний эгаллаб олиш билан боғлиқ далиллар олинди», — дейилади вазирлик хабарида.
Ҳибсга олинганларнинг барчаси аввалроқ Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилиши муносабати билан ҳукуматга нисбатан танқидий фикрлар билан чиқишган. Бундан ташқари, қўлга олинганларнинг бир қисми 22-октябрда тузилган Кампиробод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси аъзолари ҳисобланади.
Фуқаролик назорати қўмитаси ҳукуматни Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан фаолларга нисбатан репрессияларни тўхтатишга чақирди.