Ўшда тўрт нафар эркак 15 ёшдаги қизни олиб қочаётганда қўлга олинди

278
Қўлга олинган гумондорлар. Сурат: Ўш ШИИБ

Ўш шаҳрида тўрт киши вояга етмаган қизни ўғирлаганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Ўш шаҳар ИИБ хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳодиса 18-октябрь куни соат 22:00 атрофида Масалиев шоҳ кўчаси ва Зайнабитдинов кўчаси кесишмасида қайд этилган. Унда  тўрт нафар эркак 2007 йилда туғилган қизни олиб қочаётганда  қўлга олинган.

Қизни мажбуран никоҳ ўқитмоқчи бўлган эркак 27 ёшда. Унинг ҳамроҳлари эса 36 ва 37 ёшли эркаклардир.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан «Никоҳ қуриш мақсадида одам ўғирлаш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тўрт нафар гумонланувчи 48 соатга вақтинчалик ҳибсга олинган. 20-октябрь куни Ўш шаҳар суди уларнинг эҳтиёт чорасини кўради.

Тергов амаллари давом этмоқда.

Қирғизистондаги қиз олиб қочишлар

Қирғизистонда қизларни олиб қочиб, мажбурлаб никоҳ ўқитишади. Аксарият ишлар судга етиб боргунга қадар тўхтатилади – етиб борса ҳам, айбланувчи кўпинча жазосиз қолади. Масалан, 2020-йилда Жалолобод вилоятида олиб қочиш  бўйича 19 та ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси тергов давомида қисқартирилган.

Милиция бунга  «қизларнинг ота-оналари ўз ихтиёри билан турмушга чиққани ва ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтиб, ариза билан мурожаат қилган», деб асослаган.

2021-йил апрелида ўғирлаб кетилган ва кейин ўлдирилган Айзаданинг фожиали воқеасидан сўнг «Клооп» журналистлари «олиб қочиш» бўйича сўнгги беш йилдаги  суд жараёнларини ўрганиб, Қирғизистонда олиб қочишга қарши модда  деярли ишламайди деган хулосага келишди.