Қирғизистон Беларусдан зенит-ракета комплексини сотиб олади

202

Мудофаа вазири Бактибек Бекболотов Қирғизистон Беларус билан  «Печора-2БМ» русумидаги зенит-ракета комплексини (ЗРК) олишга келишиб олганини маълум қилди. Бу ҳақда вазир 19-октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтди.

Бекболотовнинг сўзларига кўра, мажмуани сотиб олиш бўйича музокаралар ўтган йилдан бери «Белтехэкспортом» компанияси олиб бормоқда.

«Зенит-ракета мажмуаси "Печора-2БМ" дегани янги, бугунги кунга [мос] замонавий ҳаво мудофааси зенит-ракета мажмуаси. Бу ерга келса, худо хоҳласа, Боткен вилоятига қўйиб, осмонимизни ўша ердан ёпишга қаттиқ ҳаракат қиляпмиз», - деди Бекболотов.

ЗРК «Печора-2БМ». belautoprom-g2n.jimdofree.com  сайтидан скриншот.

Мудофаа вазирининг сўзларига кўра, Марказий Осиё ҳам, дунёда ҳам ҳарбий-сиёсий вазият «жуда кескин ва бу тенденция кучаймоқда».

Қирғиз-тожик чегарасида 14-17 сентябрь кунлари кенг кўламли қуролли тўқнашув содир бўлди. Отишма давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, отишма оқибатида 63 киши ҳалок бўлган, 206 киши жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, қирғиз томони қуролли тўқнашувда қарийб 1,5 миллиард сом моддий зарар кўрган.

Ҳар икки томон бир-бирини ҳарбий босқинчиликда айбламоқда.

Бош саҳифадаги сурат иллюстрация