Қирғизистон элчиси  эвакуация қилинган айрим фуқаролар қайта Украинага бориб олганини айтди

227

Қирғизистоннинг Украинадаги элчиси Идрис Кадиркулов уруш бошланганда эвакуация қилинган айрим фуқароларнинг Украинага қайта бориб олганини айтди. Унинг айтишича, ҳозирда бу давлатда 140 нафарга яқин қирғизистонлик бор.

Кадиркулов Украинага бориб олган фуқаролар қайта Қирғизистонга чиқариб кетишни илтимос қилиб, элчихонага мурожаат қилаётганини таъкидлади.

«Эвакуацияга албатта катта куч ва моддий харажатлар сарфланган. Эвакуация қилинган фуқароларимиздан икки давлат ўртасидаги ҳарбий тўқнашув тўхтаб, ҳаёт ўз ҳолатига қайтмагунча қайтиб келмасликларини илтимос қилганмиз», —деди у.

Элчи қирғизистонликларни ҳаётини хавф остига солишдан узоқ бўлишга чақириб, вазият тўлиқ барқарорлашгунга қадар Украинага бормай туришни эслатди.

«Ўзбошимчалик,  хавфсизлик тавсияларига эътибор бермаслик фожиали тақдирга олиб келмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ҳар ким ўз ҳаёти учун масъул эканини эслатиб ўтмоқчиман», — деди у.

Уруш бошланганда Украинада Қирғизистоннинг 1357 нафар  фуқароси борлиги маълум эди. Дипломатик вакиллик 300 киши билан доимий алоқада эканини, 680 нафари консуллик рўйхатида турганини маълум қилган.

Украинадаги уруш туфайли 412 нафар Қирғизистон фуқароси учинчи давлатлар орқали хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган, 91 нафар фуқаро Венгрия орқали Қирғизистонга қайтгани хабар қилинган. 30 га яқин қирғизистонлик эса мамлакатдан ўзбошимчалик билан тарк этган.

Бундан ташқари, Украинадан Полшага эвакуация қилинган 72 нафар қирғизистонлик 11 март куни чартер рейс  билан Бишкекка учиб келган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши

Россия биродар Украинага кенг кўламли ҳужум бошлаганига ярим йилдан кўпроқ вақт ўтди. Россия Херсон, Луганск вилоятларини, Запорожск ва Харьков вилоятларининг бир қисмини босиб олди.

Пентагон маълумотларига кўра, август ойи бошида Россия ҳалок бўлганлар ва ярадорларни қўшиб 70-80 минг кишини, йўқотган. Украина қуролли кучларининг 28-сентябрь куни берган маълумотига кўра,  уларнинг сони  ҳалок бўлганларни қўшганда  58 мингдан ошган.

Россия бу рақамни анча кичикроқ демоқда. 21-сентябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия томонининг йўқотишлари бор-йўғи 5937 кишини ташкил этганини маълум қилди. Бироқ, «Медиазона» нашри ва ББC рус хизмати журналистлари 25-сентябрь куни ҳалок бўлганлар сони камида 6756 кишини ташкил қилганини аниқлади.