Қўшиқчи Манижанинг қирғиз хоккейчилари қатнашган клипи тақдим қилинди

219

Тожикистонда туғилган россиялик қўшиқчи Манижа Сангин (Manizha) Now or Never қўшиғига олинган клипни эълон қилди. Ундаги бош қаҳрамон — Қирғизистондаги хоккей бўйича ягона қизлар жамоасининг ўйинчиси. Бу ҳақда қўшиқчи Инстаграм саҳифасига ёзди.

Манижанинг айтишича, клип февралнинг охирида тақдим этилиши керак эди, бироқ оммага эндигина намойиш этишга қарор қилган.

«Сюжетда хоккей ўйнаётган қизлар ўғил болаларга қарши ўтувчи мусобақага тайёргарлик кўришади ва қўшни ҳудуддаги мусобақага боришади. Улар ўзлари Иссиқкўлнинг шимолида, Отрадное қишлоғида яшашади ва маҳаллий жонкуяр мураббийнинг саъй-ҳаракати билан хоккей майдонига айланган эски картошка майдонида машғулот ўтказишади. Ҳозир у қизлар бўйнига илинган ишлар билан банд. Лекин улар ҳали ҳам катта спорт орзуларини давом эттирмоқдалар ва уни эришишга ҳаракат қилмоқдалар», деб ёзади қўшиқчи клипнинг анонсида.

Манижа Бишкекка хайрия концерти билан келиш нияти борлигини ҳам билдирди. Унинг айтишича, концертдан тушган маблағни хоккей жамоасини қўллаб-қувватлашга ўтказади.

«Агар сиз ҳам қизларни қўллаб-қувватламоқчи бўлсангиз,  масалан, спорт кийимлари ва жиҳозларини олиб бергингиз келса, менга директга ёзинг», — деб қўшимча қилди у.

Манижа ким?

Манижа Сангин мустақил хонанда. У ўз ижоди билан халқ муаммоларини кўтариб, жамоат ишларига ҳам фаол иштирок этиб келади.

У ўз ихтиёри билан 2020-йилнинг декабрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича агентлигининг Россиядаги биринчи элчиси бўлган.

Қўшиқчи 2021-йили «Евровидение» танловида Россиянинг номидан иштирок этган. У «Рус аёли» (Russian women) қўшиғи билан тўққизинчи ўринни эгаллаган.

У танловга номзод қилиб кўрсатилганидан сўнг интернетда қўшиқчи ва унинг келиб чиқиши ҳақида ксенофобик фикрлар айтила бошлаган.

У 1991 йилда Душанба шаҳрида туғилган. Орадан уч йил ўтиб, Тожикистондаги фуқаролар уруши туфайли унинг оиласи Москвага кўчиб келган. Қўшиқчи ижодида қочқинлар ва муҳожирлар дуч келган қийинчиликлар ҳақида гапиради.

Шунингдек, қўшиқчи феминизм ва бодипозитивлик тарафдори. У Россияда ўтган оилавий зўравонликка қарши кампанияда фаол иштирок этган.

Сангин 2019 йили уйдаги зўравонликни бошдан кечирган аёллар фойдаланиши мумкин бўлган SILSILA мобил иловасини ишга туширишга ёрдам берган. Муаммога эътибор қаратиш мақсадида «Она» деб номланган клип ҳам суратга олган. Унда Россиядаги оилавий зўравонликдан вафот этган аёллар статистикасини кўрсатган.

Шунингдек, қўшиқчи онаси билан бирга оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёлларга ёрдам бериш учун SILSILA жамғармасига асос солган. Ҳозирда улар жамиятнинг ҳимоясиз аъзолари бўлмиш муҳожир ва қочқинларга эътибор қаратаётганликларини билдирган.