Олабуқа: Олтин қазувчи компаниянинг ходимлари исга заҳарланиб, иккитаси ҳалок бўлди

283

Жалолобод вилоятининг Олабуқа  туманида кон қазувчи корхоналаридан бирида ишлаётган беш киши заҳарланиб, икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят милициясининг матбуот хизмати «Клооп»га маълум қилди.

Маълумотларга кўра, воқеа 11 октябрь куни содир бўлган. Корхонада ишлаган Олабуқа  туманида яшовчи 37 ёшли фуқаро исга  заҳарланиб, воқеа жойида вафот этган. Шу туманда яшовчи 29, 34 ёшли ва Чотқол туманида яшовчи 24 ёшли фуқаролар оғир аҳволда туман касалхонасининг реанимация бўлимига тушган.

Шу куни соат 16:00 атрофида Чотқол туманида яшовчи яна бир 24 ёшли яшовчи заҳарланиб вафот этган.

Мазкур ҳолат Олабуқа туман ИИБ электрон журналида «Заҳарланиш» моддаси  билан қайд этилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Клооп» нинг ишончли манбасига кўра, заҳарланганлар Иштамберди олтин конини  ишлатган Хитойнинг «Фулл Голд Майнинг» компанияси ходимлари бўлган.

«Фулл Голд Майнинг»

Иштамберди олтин конини  «Фулл Голд Майнинг» компанияси томонидан бошқарилади. Маҳаллий аҳоли ушбу компания олтин ишлаб чиқаришда «цианид ишлатади» деб норози бўлиб келишган. Бундан ташқари, аҳоли корхона «қайта ишланган заҳарли моддаларни нотўғри сақлаганлиги сабабли тупроққа сингиб кетган»ини айтишган. Шу муносабат билан маҳаллий аҳоли компания фаолиятини тўхтатишни талаб қилишмоқда.

«Фулл Голд Майнинг» вакиллари бир неча йилдан буён цианиддан фойдаланишни тўхтатганини айтишди.

Саноат, энергетика ва ердан фойдаланиш давлат қўмитаси сайтидаги маълумотларга кўра, «Фулл Голд Майнинг» компанияси Иштамберди конининг 800 гектарида 2007 йилда қидирув ишларини бошлаган.

Орадан бир йил ўтиб, коннинг юқори қисмидаги 137,3 гектар, кейинроқ 2011-йилда эса қўшимча 157 гектар участкани ишлаб чиқара бошлаган. Муассаса матбуот хизмати Иштамберди конида 25 тоннага яқин  олтин борлиги  ҳақида маълум қилмоқда.