Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Мирлан Жээнчороев мустақил ОАВни ёпиш чақириғини аҳмоқлик деб атади. Бундай фикрни у Твиттерга ёзди.
«Мустақил ОАВга қарши чиқиш — бу аҳмоқлик! Қандайдир хат ёзиб, мурожаат ташаббуси эса лаёқатсизлик! Бундай версия бор: “учинчи томонлар” Украинадаги урушни холис ёритаётган ОАВни ёпишга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин», — деб ёзди у.
Жээнчороев бундай билдирувни 13-октябрда «Азаттык» радиоси биносининг олдида митинг ўтган вақтда билдирди. Митингга чиққан 30 нафарга яқин киши «Азаттык», «Клооп» ва Kaktus.media мустақил нашрларининг Қирғизистондаги фаолиятини тўхтатишни талаб қилишди.
Норозликка чиққанлар «Азаттык»ни «бузғунчилар» ва «ғарбнинг пропагандистлари» деб аташди. Шунингдек, нашрлар «биргина негативни ёритади», маълумотни «нотўғри» ёки «бир томонлама беради» деган билдирувлар айтилди.
Улар шунингдек «хорижий агент» ҳақидаги қонунни қабул қилишни ҳам талаб қилишди. Россияда бундай қонун кўплаган ахборот воситаларининг ва нодавлат ташкилотларининг ёпилишига олиб келган.
Кўпчилик митингчилар қора кўзойнак ва юз ниқобида туришди. Юзларини кўрсатишдан бош тортиб, қўлларидаги плакатларнинг ортига яширишди. У плакатларда « “Азаттык”, “Клооп”, “Кактус” кетсин», « “Азаттык” — эл душмани», «НПОчиларга йўл йўқ» ва «Ғарбнинг қуллари» деган ёзувлар ёзилган эди.
Митингдан бир кун олдин депутат Дастан Бекешев ҳамкасби Надира Нарматова «Азаттиқ», «Клооп» ва Kaktus.media нашрларини ёпиш учун имзо тўплаб, президентга мурожаат тайёрлаётганини айтиб чиққан. Нарматованинг ўзи буни тан олмаган.
Мустақил ОАВга парламентнинг йиғинида депутат Жанар Акаев ҳам ён босган. Акаев президентнинг Жогорку Кенеш ва вазирлар маҳкамасидаги ваколатли вакили Алмасбек Абитовга мурожаат қилиб, Конституциядаги принципларга кўра, сўз эркинлигини чекловчи қонунлар қабул қилинмаслиги кераклигини айтган.
Депутат кўплаган ҳукумат вакиллари ва собиқ президентлар ОАВни қоралашга ҳаракат қилишганини, аммо «ундан ҳеч қандай фойда чиқмаганини» таъкидлади. Акаев қирғиз-тожик чегарасидаги охирги кенг кўламли қуролли жанжалда мустақил нашрнинг журналистлари Қирғизистон манфаатини ҳимоя қилганини таъкидлаган.