«Азаттык» идораси олдида мустақил матбуотни ёпиш талаби билан ўтказилган митинг ташкилотчилари устидан таҳририят милицияга ариза билан мурожаат қилади. Бу ҳақда «Азаттык»нинг Бишкекдаги бюроси директори Айзада Касмалиева маълум қилди.
Касмалиеванинг сўзларига кўра, митингда айтилган қўрқитиш факти учун ташкилотчиларни жавобгарликка тортиш учун таҳририят томонидан милицияга ариза тайёрланмоқда.
«Намойишчилар тартибсизликка чақирди. 102га қўнғироқ қилганимизда, милиция ходимлари келиб, вазиятни назоратга олди. Ҳозир таҳририят ҳар доимгидай ишлаяпти», – деди Айзада Касмалиева.
Аввалроқ 30га яқин киши «Азаттык», «Клооп» ва Kaktus Media нашрларини ёпишни талаб қилиб, «Азаттык» радиосининг Бишкек шаҳридаги биноси олдида тўпланишган.
Шунингдек акция ташкилотчиси Илимбек Исраилов депутатлар «чет эл агенти» тўғрисидаги қонун қабул қилишмаса «Азаттык» биносини «тошбўрон қилиб, бензин сочиб, ёқиб юбораман» деб огоҳлантирди.
Шу билан бирга ташкилотчилар «Азаттык», «Клооп» ва Kaktus Media нашрларига қарши Бишкек шаҳридаги Ала-Тоо майдонида митинг ўтказиб, имзо тўплашларини қўшимча қилди.
«Азаттык», «Клооп» ва Kaktus Media нашрларини ёпиш талаби
Аввалроқ 12-августда депутат Дастан Бекешев ҳамкасби Надира Нарматова «Клооп», «Азаттык» ва Kaktus Media нашрларини ёптириш бўйича депутатлардан имзо тўплаётганини айтган.
Надира Нарматова эса Бекешев баёнотини «ёлғон» деб таъкидлаб, исботлаб беришини талаб қилган.
Нодира Нарматова —парламентдаги ҳукмрон «Ата-Журт Қирғизистон» фракцияси депутати. Жорий йилнинг 10 февраль куни у парламент йиғилишида ҳамкасбларини 2014-йилда ўзи ташаббус кўтарган «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилишга таклиф қилди.
Депутат Қирғизистондаги ноҳукумат ташкилотлар «ҳукуматга тинчлик бермаяпти» деб ҳисоблайди.