Украинадаги уруш туфайли Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан бери Қирғизистон фуқаролигини олишни истаган россияликлар сони ортгани кузатилган. Бу ҳақда 11-октябрда Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Аҳолини рўйхатга олиш департаменти директори Нурсултон Садирбеков маълум қилди.
Унинг маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январидан сентябрь ойигача қирғизистонлик бўлмоқчи бўлган россияликлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тўрт бараварга ошган.
«Ўтган йилнинг 9 ойида Қирғизистон фуқаролигини олиш учун 385 нафар россиялик ҳужжат топширган бўлса, 2022 йилда 1631 нафар фуқаро ҳужжат топширган. Уларнинг орасидан: 2021 йили 226 нафар, 2022 йилда 603 нафар россиялик фуқаролик олган», — деб билдирди Садирбеков.
Муассасанинг маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 9 ойида Қирғизистонга келган 192 минг россиялик рўйхатдан ўтган, 2021 йилнинг шу даврида эса 160 минг киши рўйхатга олинган эди.
Садирбеков Россиядан келган фуқаролар сони 9 ой ичида 30 фоизга ошганини қайд этади.
Россиядан келган қочқинларнинг оқими
Россияда сафарбарлик ҳақидаги биринчи хабар чиққандан бери Бишкек Россиядан келган қочқинларнинг иккинчи тўлқинига дуч келмоқда.
21 сентябрда Россияда Украина билан жанг қилаётган бўлинмалар шахсий таркибини тўлдириш учун «қисман сафарбарлик» эълон қилинган.
Пентагон маълумотларига кўра, август ойининг бошидаёқ Россия ўлганлар ва ярадор бўлганларни қўшганда 70-80 минг кишини йўқотган. Украина қуролли кучларининг 28-сентябрь ҳолатига кўра берган маълумоти бўйича эса, уларнинг сони ҳалок бўлганларни қўшганда 58 мингдан ошган. Россия эса анча кам рақамни айтмоқда.
21-сентябрда Россиянинг мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия томонининг йўқотишлари бор-йўғи 5937 кишини ташкил этганини маълум қилган. Шойгу 21 сентябрда қисман сафарбарликка захирада турган 300 мингга яқин одам чақирилишини билдирган. Бироқ Meduza нашрининг маълумотига кўра, Россия 1,2 млн одамни мобилизация қилишни кўзлайди. Шунга қарамай рус ҳукумати бу режани инкор қилиб келади.
Россияликларнинг оммавий келиши сабаб, Қирғизистонда хонадоннинг ижара ҳақига бўлган нарх ўсмоқда. Шаҳарнинг четидаги бир хонали хонадонлар Москвадагидек баҳо билан берилганига қарамай ярим кунда эгалланиб кетилмоқда.
Иқтисод фанлари доктори Толон Абдиров қочқинлар келаётганда баҳолар хизмат кўрсатиш бозоридаги барча сегментларда ўсаверади деб ҳисоблайди.