Қирғизистонга Озарбайжоннинг президенти Илхом Алиев келди

203

11-октябрда Қирғизистонга давлат ташрифи билан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев келди. Алиевни «Манас» аэропортида президент Садир Жапаровнинг ўзи кутиб олди.

Қирғизистон президентининг матбуот хизмати Жапаров ва Алиев икки томонлама музокаралар ўтказиб, Давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этишини маълум қилди. Шунингдек, икки президент “Қирғизистон-Озарбайжон дўстлиги” боғининг, ҳамда Ҳайдар Алиев ва Низомий Ганжавий номидаги мактабларнинг очилишида иштирок этади.

Шу йилнинг апрель ойида Садир Жапаров Озарбайжонга расмий ташриф билан бориб, Алиев билан учрашган эди. Музокаралар натижасида 10 та икки томонлама ҳужжат ва битимлар, жумладан, Стратегик шериклик декларацияси имзоланган. Бундан ташқари, Жапаров Озарбайжоннинг йирик ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашиб, уларни Қирғизистоннинг истиқболли лойиҳаларига, жумладан, ГЭСга сармоя киритишга таклиф қилган.

Илхам Алиев 2003-йилдан бери Озарбайжоннинг президенти. У бу ўринга отаси Ҳайдар Алиевдан кейин келган.

Озарбайжон президенти авторитаризм, сайловларни сохталаштириш, эркинликни кенг миқёсда чеклаш, коррупция, инсон ҳуқуқларини бузиш, жумладан, сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олиш ва ҳукумат мухолифларини таъқиб қилиш учун танқид қилиб келинади.

«Панама ҳужжатлари маълумотларига кўра, 2016 йили суриштирувчи журналистлар Алиев давлатни бошқариб турган вақт давомида «тўлиқ офшор империяси» қуриб олганини ёзишган. Бу ҳужжатларда Озарбайжоннинг солиқ бўйича вазири Фозил Мамедов 2003 йилдан бери Алиевлар оиласи иштирок этган AtaHolding конгломератини қандай қургани кўрсатилган. AtaHolding  мамлакатнинг банк, телекоммуникация, қурилиш, тоғ-кон саноати ва табиий ресурсларга бой бўлган нефть ва газ саноатидан манфаатдор компания.

2021 йили суриштирувчи журналистлар Алиев ва унинг оиласи Буюк Британияда умумий қиймати 700 миллион долларлик кўчмас мулк сотиб олганини аниқлашг. Журналистлар бутун дунё бўйлаб офшор компанияларга оид 12 миллион ҳужжатни таҳлил қилиб чиққан «Пандора архиви» номли суриштирувни ўтказгандан кейин шундай хулосага келишган.

«Панама ҳужжатлари»га жавобан Озарбайжон президентининг матбуот хизмати айбловлар асоссиз эканини, президент яқинларининг бизнеси бутунлай шаффоф ва қонуний эканини билдирган.  «Пандора архиви» суриштирувига Алиев ўзи муносабат билдириб, бу материал «Ғарбдаги маълум кучлар» томонидан яратилган бўлиб, улар «Озарбайжонни обрўсизлантириш ва уни заифлаштириш учун уйдирма ва туҳматлардан фойдаланганлар» деб айтган.