«Қирғиз иттифоқи» жамияти вакили Аниса Жээнбекова қирғиз йигитларини шартнома асосида ҳарбий хизмат учун Россияга бормасликка чақирди.
У Украинада уруш бошланганидан бери биринчи марта Қирғизистон фуқароси ўз ихтиёри билан шартнома имзолагани ва фронтга кетиш ниятида экани ҳақида маълумот олганини айтди.
Жээнбекова йигитнинг яқин қариндошларининг илтимосига кўра, уни шартнома асосида хизмат қилишдан қайтармоқчи бўлганини айтди. Лекин кўндира олмаган. Бундан ташқари, адвокат йигитни тўхтатиб қўйиш илтимоси билан Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ва диаспорага ҳам мурожаат қилган. Аммо улар ҳали ҳам ёрдам бера олмадилар.
Жээнбекова у бола кредитини тўлаш учун шартнома асосидаги ҳарбий хизматгаборганини аниқлаган.
«Қандай қилиб ўша қонли пул билан болаларини боқади? Қандай қилиб бу пул билан тирикчилик қилади? Агар тирик қолса, қандай қилиб қўли қон билан оиласи, қариндошлари юзига қарайди?» – дея савол берди адвокат.
Ҳуқуқ ҳимоячиси қирғиз йигитларини шартнома асосида ҳарбий хизматга бормасликка, оқибатларини ўйлаб кўришга чақирди.
У хорижий давлат ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашганликлари учун Қирғизистон фуқаролари жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.
Унга кўра, хорижий давлат ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган қирғизистонликлар 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиниб, мол-мулки мусодара қилинади.
«Кеча Боткен воқеасидан кейин кўплаб ёш, қилич йигитларимиздан айрилиб қолдик. Нега шуларнинг қаторида туриб, сизлар ўз ватанингизни ҳимоя қилмайсизларда бошқа давлатга пул учун бориб одамларни ўлдиришга розисизлар?» — деб қўшимча қилди Жээнбекова.
Россиядаги қисман сафарбарлик
21 сентябрь куни Россияда Украина билан жанг қилаётган бўлинмалар шахсий таркибини тўлдириш учун «қисман сафарбарлик» эълон қилинди.
Пентагон маълумотларига кўра, август ойи бошидан Россия жумладан, ўлганлар ва ярадорларни қўшганда 70-80 минг кишини йўқотган. Украина қуролли кучларининг 28-сентябрь ҳолатига кўра, уларнинг сони, шу жумладан ҳалок бўлганлар қўшганда 58 мингдан ошди. Россия бу рақамни анча кичикроқ демоқда.
21-сентябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия томонининг йўқотишлари бор-йўғи 5937 кишини ташкил этганини маълум қилди. Шойгу 21-сентябрь куни қисман сафарбарликка захирадаги 300 мингга яқин киши чақирилишини маълум қилди. Бироқ, Meduza нашрининг ёзишича, Россия 1,2 миллион кишини сафарбар қилмоқчи. Аммо Россия ҳукумати бу режасини рад этиб келади.