«Ҳиссиётга берилди». Жапаров Ташиевнинг парламентга автомат олиб келгани ҳақида ўз фикрини билдирди

248

Садир Жапаров МХДҚ  раҳбари Камчибек Ташиев Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги кескин вазият фонида парламентга «икки қути автомат олиб келгани» ҳақида ўз фикрини билдирди. Президент «Кабар» агентлигига берган интервьюсида махсус хизмат раҳбари «кичик хатога йўл қўйганини» таъкидлади.

«Депутатлар “Баткен тугашига яқин маълумот беринглар” деб чақиришган.  “Аскарларда ўқ-дори йўқ. Автомат етишмаяпти экан” деган сўзлар бўлиб, “Ташиев нима қиляпти, разведкаси ишламаяпти” каби танқидлар ҳам бўлди. Кейин “мана сизга автомат” деб олиб борган бўлса керак. Бу борада кичик хатога йўл қўйди. Аммо ўша пайтда унинг аҳволини ҳам тўғри тушуниш керак. Қон кечиб юрган жойидан тўғри учиб келди», — деди Жапаров.

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Жогорку Кенеш йиғилишида депутат Адахан Мадумаров «МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев парламентга икки қути автомат олиб келди», дея танқид қилган эди.

Мадумаров буни «ўта ваҳшийлик» деб, депутатлар ҳар бир ҳаракатнинг қонунийлигини баҳолаши кераклиги ҳақида огоҳлантирган.

«Нафақат мамлакатдаги, балки Жогорку Кенешимиздаги вазият осон эмас. Хавфсизлик хизмати раҳбари (Камчибек Ташиев – таҳр.) икки қути автомат кўтариб парламентга кириб келгани ниҳоятда ваҳшийлик. Биз қонун чиқарувчи орган сифатида ҳар бир ҳаракатнинг қонунийлигини баҳолашимиз керак. Агар биз бунга баҳо бера олмасак, унда Жогорку Кенеш ўз ишини бажара олмади, деб билишимиз керак», — деган Мадумаров.

Ўша куни парламент Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув масаласини ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиққан эди.