Суваналиев: Жээнбеков Атамбаевни айблаш шарти билан ҳокимиятни топширган

212

Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Омурбек Суваналиев «Азаттык»нинг эфирида 2020-йил октябрь воқеаларини эслар экан, Сооронбай Жээнбеков президентликни топширишда бир қанча шартлар қўйганини таъкидлади.

Унга кўра, 6 октябрь куни мамлакат ҳукуматсиз қолган. Президент эса «қаергадир яширинган». 8-октябрдан эса Сооронбай Жээнбеков халқ олдига чиқиб, «сиёсий гуруҳлар билан савдолаша» бошлаган. Ўйлайманки, ҳокимиятни бераман, Атамбаевнинг одамлари келмаслиги керак, Қўй-Тош воқеасини охирига етказасизлар, уни-буни қамайсизлар деган шарт қўйди.  10 октябрдан бошлаб ҳаммани қамоққа олишни бошладилар. Бу катта ўйин бўлди», —  деди Суваналиев.

Суваналиев интервьюда Қирғизистондаги тартибсизликлар пайтида мамлакатга Россия президенти аппарати раҳбари Дмитрий Козакнинг ташрифини ҳам тилга олди. Унга кўра, Козак Жээнбековга уч ой давомида президентликдан кетмасдан парламент ва президентлик сайловларини ўтказиш шартини қўйган.

«Ўша кунларда мен ҳукуматнинг ягона қонуний вакили эдим. Экстремистлар ҳокимиятга келишидан қўрққан қўшни давлатлар менга қўнғироқ қилишди. Сиёсий масалаларни ҳал қилиш учун Козак делегацияси билан келиб, суҳбатлашиб кетди. Лекин Козак кетгунича Жээнбеков истеъфога чиқиб, Козакни ҳам, Россияни ҳам ҳаммасини алдади», — деди у.

У шу кунгача нима учун Сооронбай Жээнбеков, Орозбек Опумбаев, Кашкар Жунушалиев ва бош прокурорга ҳеч ким «тегмаяпти» деб савол берди.

«Булар армияни ташлаб кетган дезертирлар. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиши керак», — дея қўшимча қилди у.

Октябрь воқеалари

2020-йил 5-октябрь куни Бишкекда парламент сайловлари натижаларини бекор қилиш талаби билан митинг бошланди ва бу намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувга сабаб бўлди.

6 октябрга ўтар кечаси Оқ уй қўлга олинди, бир қатор сиёсатчилар, жумладан Алмазбек Атамбаев билан Садир Жапаров колониядан озод қилинди.

Садир Жапаров тарафдорлари қамоқдан чиққан сиёсатчини бош вазирликка тайинлашни талаб қилишди, депутатлар эса сиёсатчининг шериклари таҳдидидан шикоят қилишди. Шу тариқа Садир Жапаров ҳукумат раҳбари этиб тайинланган.

Шундан сўнг Жапаров тарафдорлари президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилиб, давлат раҳбари янги келган бош вазир билан учрашганидан сўнг истеъфога чиқишга қарор қилган. Кўп ўтмай Жапаров тарафдорлари сиёсатчидан президентлик фаолиятини давом эттиришни талаб қилишган.

Парламент спикери таҳдидлар туфайли президент вазифасини бажаришдан бош тортгач, бу лавозим Садир Жапаровга ўтказилди. 2021-йил январ ойида бўлиб ўтган сайловда Жапаров расмий президент этиб сайланган эди.