Соцфонд: Қирғизистонда 10-октябрдан бошлаб пенсияларни ошириш бошланади

248

Ижтимоий жамғарманинг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Женишбек Мукамбетов «Пирамида» телеканалида сўзлаб, Қирғизистонда пенсиялар қанчагача кўтарилиши ҳақида гапирди.

Унинг айтишича, пенсиянинг базавий қисми 3170 сомгача, суғурта қисми эса 15 фоизга ошади.

Муканбетовнинг тушунтиришича, пенсиянинг базавий қисми кафолатланган, у республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Суғурта бадаллар ҳисобидан молиялаштирилади.

«Пенсиянинг базавий ва таъминлаш қисмлари 2017-йилдан бери ҳар йили индексацияланиб, унинг асосида пенсия кўтарилганини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун айримлар учун базавий қисм 1780 эмас, 100-200 сомдан юқори бўлиши мумкин. Бу маблағлар 3170 сомгача етказилади», — деди у.

Ижтимоий жамғарма вакилининг қайд этишича, нафақаси беш минг сом бўлганлар учун электр энергияси учун компенсация тўловлари ҳисобга олинса, у 1843 сомга ортади.

Мукамбетовнинг қўшимча қилишича, оширилган пенсияларни тўлаш 10 октябрдан бошланади.

Ижтимоий жамғарманинг дастлабки маълумотларига кўра, 1 октябрь ҳолатига кўра, Қирғизистонда 735,7 минг нафар пенционер бор.

Президент Садир Жапаров 2022 йил сентябрида қирғизистонликларнинг пенсия тўловлари октябрь ойида оширилишини эълон қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, ҳар йили пенсияларни тўлаш учун давлат бюджетидан 70 миллиард сом ажратилган. Эндиликда бу миқдор 90 миллиард сомга оширилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳар бир пенционернинг тўловлари ўртача 1700 сомдан 3400 сомга кўтарилиши керак. Унинг қайд этишича, аввалроқ пенсиялар 200-300 сомга оширилган.

«Биз бу идеалдан узоқ эканини биламиз. Лекин биз бугунги бюджет имкониятларидан келиб чиқиб, фуқароларимиз ҳаётини яхшилаш учун барча ишни қиляпмиз. Давлатнинг ижтимоий сиёсати бундан буён ҳам Қирғизистон халқининг ҳаёт сифатини яхшилаш ва фаровонлигини оширишга қаратилган бўлади», - дея ишонч билдирди у.

Март ойида пенсияларни ошириш ҳақида гап кетган эди. Кейин Қирғизистон Ижтимоий жамғармаси пенсияларни 50 фоизга оширишни режалаштираётгани маълум қилинди.